Сохта маълумотнома тайёрловчи “уддабуронлар” ушланди
Ўзбекистон Республикаси ДХХ ҳамда ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “COVID-19” касаллигини аниқлашда ПЗР-тест маълумотномаларини сохталаштириб, “Тошкент” халқаро аэропортида йўловчиларга сотиш билан шуғулланувчи шахслар фаолиятига чек қўйилди.
Тезкор тадбир давомида “Тошкент - Москва” йўналиши бўйича учаётган Бухоро вилояти Жондор туманида яшовчи 4 нафар фуқаронинг ҳужжатлари текширилиб, улардан сохта ПЗР-тест маълумотномалари олиб қўйилди.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари натижасида, мазкур шахслар “COVID-19” касаллигини аниқлаш бўйича тест топширмасдан, ушбу сохта маълумотномаларни 1992 йил Бухоро вилоятида туғилган “Қ.Э.”
ва 1991 йил Хоразм вилоятида туғилган “М.М.”лардан сотиб олганликлари маълум бўлди.
Ўз навбатида “Қ.Э.” ва “М.М.”ларга сохта маълумотномаларни Тошкент шаҳрида яшовчи 1989 йилда туғилган “М.Н.” ва 1977 йилда туғилган “К.А.”лар тайёрлаб, етказиб туришган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.