Сохта авиачипта тайёрлаганлар қўлга олинди
Фуқароларни Россия Федерациясига жўнатиш учун сохта авиачипталар тайёрлаб берган фирибгарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро С.С. ва С.Р. олдиндан тил бириктириб, фуқароларни Россия Федерацияси ҳудудига киришга рухсат этувчи ҳужжатларни танишлари орқали олиб беришга ишонтириб, эвазига ҳар биридан 1 300 АҚШ доллари олиб, “Бухоро-Жуковский” чартер авиа рейсига сохта чипталарни тайёрлаб бергани, бунинг учун 17 нафар фуқаронинг 22 минг 100 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан С.С. ва С.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28, 211-моддаси (пора бериш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.