Сўхда замонавий мажмуа ишга тушди
Фарғона вилоятининг Сўх туманида сўнгги икки йилда кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, ҳудуд янгича қиёфа касб этмоқда.
Истиқболли лойиҳалар ишга туширилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда. Айниқса, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси ривожланиб, шаҳардан қолишмайдиган масканлар сони ортяпти. Бу каби эзгу ишларда тадбиркорларнинг салмоқли ўрни бор.
Сойбозор мавзесида қурилган замонавий, кўркам иншоот – дам олиш маскани сўхликларга муносиб туҳфа бўлди. Инвестиция лойиҳаси асосида қурилган мазкур мажмуа учун тадбиркор Назиржон Тоҳиров 5 миллиард сўм маблағ сарф этди.
Тақдимот маросимида қатнашган туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев анклав туманда амалга оширилаётган барча ишлар Президентимизнинг алоҳида эътибори ва меҳнаткаш Сўх халқининг саъй-ҳаракатлари асосида бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
– Президентимиз томонидан Сўх туманига, айниқса, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ва қонун асосида яратиб берилган солиқ имтиёзлари соҳа вакилларини ободлик ва туман ривожига бўлган ҳиссаларини янада оширади, туманимиз яқин келажакда йирик, ривожланган саноат туманига айланади. Бунинг барчасини мана шундай саховатпеша тадбиркорларимиз билан елкама елка туриб, амалга оширамиз, – деди туман ҳокими.

– Мазкур мажмуа халқимизга хизмат қилиши лозим, – дейди тадбиркор Назиржон Тоҳиров. – Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам шу. Дам олиш маскани, тўйхона, ўқув марказларини ўз ичига олган «Соҳил» эшиклари барчага очиқ.
Айтиш лозимки, айни кунда дам олиш масканида 8 та фан бўйича ўқув маркази ҳам ташкил этилган ва 200 нафар ўқувчи етакчи мутахассислардан сабоқ олмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА