Сўхда янги ташаббуслар қанот ёзмоқда
Фарғона вилоятининг Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров секторлар раҳбарлари билан туманда ёшлар бандлиги, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий масалалар йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишганда шулар ҳақида сўз борди.
Жорий йил бошида туманнинг Жавпая массивида фойдаланилмай ётган 1000 гектар ерни ўзлаштириш, дастлабки ўзлаштирилган ерларда 10 сотихдан иссиқхона-лимонарийлар ташкил этилиб, имтиёзли кредит ва субсидия ҳисобидан бепул равишда ёш оилаларга бериш ишлари бошланган эди. Хайрли ташаббус бугун ижобий натижаларини бермоқда. Қир-адирликларда ташкил этилган иссиқхоналарга ўтқазилган лимон кўчатларидан дастлабки мевалар териб олинмоқда. Шунингдек, кўчат ораларига экилган помидор, бодринг, қалампир ва карам йиғиштириб олинди.
[gallery-9610]
Эндиликда яна бир ташаббус – ушбу массивнинг юқори қисмида 400 гектардан зиёд янги ерларни ўзлаштириб, интенсив анорзор ташкил этиш ишларига старт берилди. Ҳозирги кунда биринчи босқичда 230 гектар ерга анор кўчатлари экиш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда. Бунинг учун хориждан 153 минг тупдан зиёд интенсив кўчатлар келтирилган. Яқин кунларда яна 200 гектардан зиёд ер ўзлаштирилиб, анорзорга айлантирилади.
Жараёнларни кўздан кечирган вилоят раҳбари туман фаоллари, ёшлар билан мулоқот қилди. Вилоят ҳокими янги анор боғлари кооперация усулида 50-70 сотихдан ёш оилаларга бўлиб берилишини айтиб, туманнинг Қайроқ массивида ўзлаштиришга киришилаётган 1080 гектар яйлов ерларда ёнғоқ, олма ва нок боғлари, малина, тут ҳамда доривор гиёҳлар плантациялари барпо этилиши ҳисобига жами 3 мингдан зиёд ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлишини қайд этди. Бу мақсадда қуриб фойдаланишга топширилган икки кўтармали “Қайроқ” насос станциясидан 1 метр диаметрли 4 километр узунликдаги қувур тармоғи орқали 211 метр баландликка обиҳаёт олиб чиқилди.
Президентимизнинг фойдаланилмаётган ерларда ирригация ишларини бажариш ва сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, кам сув талаб қиладиган экинлар экиш ҳисобига ўзлаштириш, бу ерларни ёшларга бўлиб бериш орқали уларни доимий иш ва даромад билан таъминлаш борасидаги топшириқларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилаётган бу ишлар йил ўтиб, ўз самарасини бериши барча фаоллар томонидан таъкидланди.
Туманнинг Ленбур маҳалласи ҳудудида замонавий оилавий шифокорлик пункти ҳамда "Ҳушёр" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий янги маданият уйи фойдаланишга топширилди.
Жорий йил февраль ойида қурилиш ишлари бошланган оилавий шифокорлик пункти учун вилоят маҳаллий бюджетидан икки миллиард сўм маблағ ажратилди. Ҳушёрдаги эски бино ўрнида қад ростлаган маданият уйи қурилиши учун эса 3,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Очилиш маросимларида вилоят раҳбари маҳаллалар аҳли билан суҳбатлашди. Мулоқот давомида Президентимизнинг юксак эътиборлари натижасида сўнгги йилларда Сўхда улкан тарихий янгиланишлар амалга оширилаётгани, Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган алоҳида қарор натижасида туман бугун ҳар томонлама тараққиётга йўл тутаётгани таъкидланди.
Туманда янги иш ўринлари яратилиши ва тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланиши ўз натижаларини бера бошлагани қайд этилди.
Шунингдек, Ленбур ва Ҳушёр маҳаллалари ҳудудида ичимлик сув, суғориш тизими муаммосини ҳал этиш, мактабгача таълим ташкилоти биносини кенгайтириш бўйича мурожаатларни ижобий ҳал этиш учун масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Ҳушёр маҳалласида буюк саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур музейини ташкил этиш бўйича ташаббусга киришилгани, ушбу музейни замонавий тарзда барпо этиш ҳамда жиҳозлаш учун вилоят ҳокимлиги томонидан молиявий кўмак берилиши ҳақидаги хабар сўхликларни қувонтирди.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров