Сўхда янги давр шукуҳи кезмоқда
Кўҳна ва ҳамиша навқирон Сўхда музаффар ҳаёт шукуҳи бугун ўзгача намоён бўлмоқда.
Ҳаётнинг турли қийинчиликларига қарамай тарихнинг турли сўқмоқларидан мардонавор ўтиб келаётган сўхликлар янги – нурли истиқболга ўзгача хушкайфият билан пешвоз чиқмоқдалар. Бир сўз билан айтганда, Фарғонанинг энг чекка ҳудуди бутунлай қайта янгиланмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 8 августдаги “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
– Қарор асосида тасдиқланган 2020-2021 йилларда Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури асосида 5 та йўналишдаги кенг қамровли ишларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Сўх тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев. – Маҳаллаларда электр таъминоти яхшиланяпти, ичимлик суви тармоғини тортиш, асфальт ётқизиш ишлари давом этмоқда. Аҳолининг бандлигини таъминлаш, ижтимоий соҳа объектларини моддий-техник базасини яхшилаш борасида ҳам салмоқли ишлар қилинаётир. Туманни комплекс ривожлантиришга 1 триллион сўмга яқин маблағ сарф этилмоқда. Шунингдек, ҳудудий инвестиция дастури асосида 2021-2022 йилларда Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қиймати 119,5 миллиард сўм бўлган 70 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 943 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Ҳозирда 22 та лойиҳа ишга туширилди, 296 киши иш билан таъминланди. Тадбиркорликни ривожлантириш ҳам олдимиздаги муҳим вазифалардан саналади.
Сўхлик ёшлар учун ўтган йилда олий таълим муассасаларига киришлари учун давлат гранти асосида квоталарнинг ажратилганлиги юксак эътибор ифодаси бўлди. Айни кунларда юзлаб ўғил-қизлар ўзларини қизиқтирган йўналишларида таҳсил олмоқда. Тиббиёт, таълим соҳасида ишлаш учун малакали мутахассисларни жалб этиш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ерга келиб ишловчилар учун қўшимча устама ҳақлари, компенцация бериш йўлга қўйилган, уй-жойлар билан таъминланмоқда.
Айни кунларда юртимизнинг барча гўшаларида ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигини қутлуғ шодиёна сифатида нишонлашга катта тараддуд кўрилмоқда. Унинг шукуҳини мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида, хусусан, Сўхда ҳам яққол сезиш мумкин. Гап рақамларда эмас. Кейинги йиллардаги бемисл ислоҳотлар бугун оддий одамлар ҳаётида акс этяпти. Уларни ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётир.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида муайян ишлар бажарилди. Хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 43,6 миллиард, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш 30,5 миллиард, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 175,5 миллиард, асосий капиталга киритилган инвестициялар 56,7 миллиард сўмни ташкил этди.
Жорий йилнинг ўтган даврида 117 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди ва бугунги кунда (деҳқон-фермер хўжаликларидан ташқари) 926 та кичик бизнес субъектлари фаолият юритиб келмоқда.
Туманнинг ҳар бир ҳудудида кенг миқёсли қурилиш-ободонлаштириш ишлари авж олган. Хусусан, умумий қиймати 91,7 миллиард сўм бўлган йирик лойиҳа – “Қайроқ” насос станциясининг қурилиши давом этмоқда. Мазкур қуриладиган насос станцияси майдони давлат чегарасидан 1 600 метр узоқликда, яъни “Қизилқиёқ” насос станциясининг Сўх дарёсидан сув олиш нуқтасида жойлашган. Дарёдан сув олиш дарёга тўғон қуриш орқали амалга оширилади. “Қайроқ” насос станцияси 2 кўтармали бўлиб, ҳар бирининг кўтариш баландлиги 200 метр бўлиб, бир сонияда 1,25 м3 сув олиш имкониятига эга.
Чегарадош ҳудуд аҳолисини бир неча йиллардан бўён қийнаб келаётган йўл муаммоси ўз ечимини топди. Риштон – Сўх йўлининг очилгани кўплаб қулайликлар яратди. Айни кунларда эса ҳаво йўли орқали қатновни йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
“Новобот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида умумий майдони 7 гектар бўлган самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдонлари қурилиши авжида. Бу ерда умумий қиймати 7 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Баркамол авлод тарбиясида мактабгача таълимнинг ўрни катта. Кейинги йилларда чекка ҳудудда боғчалар сонини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда умумий қамров ҳолати 60,2 фоизни ташкил этаётган бўлса, йил охирига қадар 80 фоиздан оширилади. 24 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 28 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига беш мингга яқин болажонлар қамраб олинган.
Яқинда Истиқлол маҳалласида “HAPPY KIDS” оилавий нодавлат таълим ташкилоти очилди. Тадбиркор Ибодатхон Юсупова томонидан ташкил этилган масканда барча шароитлар яратилган.
– Биз, оқсоқоллар ўзимиз мана шундай замонни орзу қилар эдик, шукроналар бўлсинким, орзуимиздаги кунларни фарзандларимиз, невараларимиз кўряпти, – дейди шу маҳаллада яшовчи 90 ёшли отахон Субҳиддин Шарофиддинов. – Боғчадаги шароитларни кўриб ҳавасимиз келди.
Туман маҳаллаларини айланаркансиз, йўлсозларнинг меҳнатига гувоҳ бўласиз. 160 киломтер шағал қопламали йўллар цементобетон қопламали йўлларга ўтказилиб, асфальт қоплама ётқизилмоқда, 106 километр тупроқ йўлларни эса шағал қопламага ўтказиш ҳамда 40 километр цементобетон йўлакларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Ўтган йилда 50 километр узунликдаги ички хўжалик йўллари асфальт ва бетон йўлга ўтказилди, 20 километр пиёдалар йўлаги қурилди ҳамда “Чашма” МФЙ худудидаги Обиширсой устида жойлашган “Тариқ” кўприги янгидан қурилди. Бугунги кунда мавжуд дастурлар асосида Сўх туманида 13,7 километр асфальтлаш, 19,4 километр шағаллаштириш ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда тизимда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда. Дастур асосида 274 километр ичимлик сув тармоғини тортиш, 30 та ичимлик сув иншооти қуриш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган. Ҳозирги кунга қадар 92,6 километр масофага ичимлик суви тармоғи тортилди.
Бундан ташқари, дастурга асосан “Ровон” маҳалла фуқаролар йиғини Обиширсой ҳудудида сиғими 500 метр/куб бўлган иккита сув иншоотини қуриш ишлари бошланди. Ҳозирги вақтда ичимлик суви тармоқларини тортиш ва бутун туман аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Мазкур амалий ишларнинг якунланиши ҳудуд аҳолиси учун қулай шароитларни яратади.
Яхшиси, бу бунёдкорлик ишларини ўз кўзингиз билан кўргани бир келинг. Пурвиқор тоғлардек бағрикенг, очиқкўнгил сўхликларнинг меҳмони бўлинг.
[gallery-3435]
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
М. Қодиров олган сурат