Сўхда “Хотира ва Ғалаба” боғи бунёд этилади
Сойбозор мавзеси Сўх туманининг чиройли ва хушманзара ҳудудларидан ҳисобланади.
Бу ердаги пурвиқор тоғлар этагида бунёд этилган ёзги амфитеатр бир пайтлар аҳоли учун севимли масканга айланган эди. Ҳозирда ташландиқ ҳолатга келиб қолган амфитеатр ўрнида “Хотира ва Ғалаба” боғини бунёд этиш ишлари бошланди.

– Бундан мақсад аҳолига маданий дам олиши учун шароит яратиш, тарихий сана ва байрам тадбирларини айнан мана шу масканда ўтказиш ҳамда Сўхнинг мард ва жасур ўғлонлари, ватан тараққиётига ҳисса қўшган юртдошларимиз хотирасини абадийлаштиришдан иборат, – дейди туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев. – Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари – Совет Иттифоқи қаҳрамони Амирали Саидбеков ва Ленинград шаҳри қаҳрамони Тешабой Одилов хотираларига бағишлаб махсус гўша ташкил этиш ниятимиз бор. Ҳашар ташкил этилиб, ҳудудни ободонлаштириш ишларига киришилди. Яқин кунларда бу ер янада обод бўлиб, Сўхнинг энг гавжум масканига айланади.
М. Сулаймонов, ЎзА