Совуқда жон бераётган чақалоқлар
– Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ғазодаги хунрезликдан қаттиқ хавотирдалигини маълум қилди, – деб ёзган "IRNA news" агентлиги. – Урушдан чарчаган Фаластин ўлкасида яна бир чақалоқ гипотермиядан вафот этди ва ҳудудда уч ҳафтадан камроқ вақт ичида қаттиқ совуқ туфайли дунёдан кўз юмган гўдаклар сони саккиз нафарга етди.
БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик сектордаги оғир гуманитар аҳвол ҳақида гапираркан, Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш идораси (OCHA)га таяниб, шу маълумотни келтирган.
Гипотермия – одамнинг тана ҳарорати ғайритабиий равишда, одатда 35 даражадан пастга тушадиган тиббий ҳолат. Айни жараён организм узоқ вақт совуққа дучор бўлиб, ҳароратни етарли даражада ушлаб туролмаганда юз беради.
– Агар бу оилаларда ўз болаларини ҳимоя қилиш ва асраш учун етарли имконият бўлганда, ўлим ҳолатларининг олди олинарди, – деган Дюжаррик. – Дам олиш кунлари Ғазо бўйлаб БМТ бошчилигидаги 37 инсонпарварлик миссияси режалаштирилганди. Ушбу тадбирларнинг 12 таси осон кечди. Афсуски, 15 таси тўғридан-тўғри рад этилди, тўққизтасига тўсқинлик қилинди, биттаси жойлашув ва амалиётдаги муаммо туфайли бекор қилинди. Биз барча томонларни халқаро гуманитар қонунларни ҳурмат қилиш, бегуноҳ аҳолини ҳимоя қилиш ва инсонпарварлик ёрдами бутун сектор бўйлаб хавфсиз ўтиши учун йўл очишга чақирамиз.
Мусулмон Зиё, ЎзА