Сониялар қадридан миллиметрлар аҳамиятигача
Тинчлик даврида дунё мамлакатлари Қуролли Кучлари салоҳиятини белгилаб беришда ҳарбий мусобақаларнинг ўрни беқиёс.
Халқаро армия ўйинлари олдидан
Тинчлик даврида дунё мамлакатлари Қуролли Кучлари салоҳиятини белгилаб беришда ҳарбий мусобақаларнинг ўрни беқиёс. Боиси мазкур баҳсларда ҳарбий хизматчилар реал вазиятларда бажарадиган топшириқ ва вазифалар билан синовдан ўтади. Халқаро армия ўйинлари мана шу жиҳатлари билан ҳам аҳамиятлидир.
Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан ташкил топган Ўзбекистон жамоаси мазкур нуфузли ҳарбий мусобақанинг барча тур ва йўналишларида фаол иштирок этиб, совриндорлар сафидан жой олиб келмоқда.
Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий автомобиль назорати инспекцияси ҳарбий хизматчилари ушбу мусобақанинг «Йўл патрули» йўналишида 2017 йилдан буён қатнашиб келади. 2017 ва 2018 йиллари Россия Федерациясининг Ногинск шаҳарчасида ўтказилган баҳсларда жамоамиз муносиб иштирок этиб, фахрли 3-ўринни қўлга киритган эди. Ўтган йили Эрон пойтахти Теҳрон шаҳри мезбонлик қилган мусобақада ҳам вакилларимиз шоҳсупанинг 3-поғонасидан жой олди.
Халқаро армия ўйинларининг «Йўл патрули» мусобақаси бу йил Ўзбекистонда ўтиши режалаштирилган. Мусобақа Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида бўлиб ўтиши белгиланган.

Мусобақа умумий беш шартдан иборат. Унда иштирокчилар яккалик ва жамоавий баҳсларга киришади. Мусобақа дастуридан нафақат автомобилни маҳорат билан бошқариш, тўсиқлардан беталафот ўтиш ва маррага биринчи бўлиб етиб келиш, шунингдек, ўқотар қуроллардан нишонларни йўқ қилиш, жароҳат олганларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш, ёнғин чиққан ҳудудга белгиланган вақт оралиғида етиб бориш ҳамда уни бартараф этиш каби бир-биридан мураккаб шартлар ўрин олган.
Маҳоратли ҳарбий хизматчилардан иборат жамоамиз йил бошидан бери мусобақага жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Қуйида сиз кўриб турган суратлар тайёргарлик жараёнининг 10 июлга қадар бўлиб ўтган мавсумидан олинган (хабарингиз бор, мамлакатимизда кучайтирилган карантин чекловлари боис барча оммавий йиғин ва тадбирлар вақтинча бекор қилинган).
Баҳсларни жонли кузатсангиз, бу шунчаки автомобиль шайдолиги эмаслигини англайсиз. Чунки гўё рақсга тушаётгандек кўринган техникалар маълум шарт ва топшириқларни бажараётган бўлади. Бунда вақт нуқтаи назаридан сониялар ҳам инобатга олинса, ўлчов жиҳатидан миллиметрлар аҳамияти кишини ҳушёрликка чорлаб туради.

Сиз ҳам қизиқдингизми? Келинг, унда яхши ният қилайлик: мусобақа ўтказилиши режалаштирилган кунларгача пандемия чекинсин, уни жонли томоша қилиб, юртдошларимизни бирга қўллаб-қувватлайлик.
“Ватанпарвар” газетаси мухбири
Исломжон ҚЎЧҚОРОВ
ЎзА учун махсус тайёрлади