Сомонпояларни ёққан ҳуқуқбузарга қўлланилаётган жазо енгил эмасми?
Сурхондарё вилоятида бу йил дон мўл бўлди. Билмадим, ташаббус вилоят ҳокимидан чиқдими ёки фермерларнинг ўзи саховат кўрсатгиси келдими, ишқилиб, туманларда ижтимоий реестрга киритилган кўплаб оилаларга бепул буғдой ҳам тарқатилди.
Бу хушхабарларни эшитиб, қалбида аждодларимизга хос саховат уйғонган фермерлар энди ғалладан бўшаган майдонларнинг сомонпоясини ёқмасдан шудгорласа керак, ғалла майдонлари ва теварак-атрофга зарар етказмаса керак, деган ўй кўнглимдан кечган эди. Бироқ, кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда бўй кўрсатган хабар воҳада ҳали ҳам айрим фермерларнинг ерга муносабати ўзгармаганини намойиш этди.

Ижтимоий тармоқларда сиздирилган хабар асосида вилоят экополицияси Жарқўрғон туманидаги ҳамкасблари билан тезкор ўрганиш олиб бориб, сомонпоя қолдиқларини бешафқатларча ёқиб, экин майдони ва теварак-атрофга зарар етказган шахсни аниқлади.
Меҳнатобод маҳалласи ҳудудидаги хусусий корхоналардан бирига тегишли ғалла ўримидан бўшаган 1,4 гектар майдондаги сомонпоя қолдиқларини шу маҳаллада яшовчи Камол Зарипов (исм-шариф ўзгартирилди) ёқиб юборгани маълум бўлди.

Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 88-моддаси 3-қисми асосида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, табиатга етказган зарари учун 2 миллион 455 минг 260 сўм жарима жазоси қўлланилди.
Вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси экополиция ходимлари ўтказган навбатдаги назорат тадбирида яна Жарқўрғон туманида сомонпояларни ёқиб юбориш билан боғлиқ ҳолатга дуч келди. Туманнинг Исмоилтепа маҳалласи ҳудудидаги ғалла майдонида юз берган қалтис ҳаракат юзасидан ҳам тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқбузарга нисбатан чора кўрилди.

Ғалла майдонларида сомонпояларни ёққан ҳуқуқбузарлар қонун доирасида жавобгарликка тортилмоқда. Лекин, ёнғин оқибатида таркиби ўзгарган ер майдонлари келгуси йил яна мўл ҳосил берармикан? Мутахассисларнинг айтишича, сомонпояни ёқиш ернинг биологик, физик ва кимёвий таркибини кескин ёмонлаштиради. Тупроқ унумдорлигини пасайтириб, сув ва ҳаво ўтказувчанлигини бузади, фойдали микроорганизмларни нобуд қилади. Демак, ризқи-рўзимиз манбаи бўлган ғалла майдонларида юз берадиган бу ҳолатнинг олдини олиш учун миллий қонунчилигимизга ўзгартиш киритиб, жазо чораларини кучайтириш вақти келмадимикан?
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири