Сомон ёқиш – ҳам увол, ҳам зарар
Фарғона вилоятининг тўрт мингдан зиёд фермер хўжалиги 112 минг 500 гектар майдонда ғалла парваришлаб, мўл ҳосил етиштирди. Айни кунларда бошоқли донни ўриб-йиғиб олиш ва ҳосилдан бўшаган майдонларни сомон пояларидан тозалаб, пешма-пеш шудгор қилиш ишлари қизғин паллага кирди.
Фарғона вилоятининг тўрт мингдан зиёд фермер хўжалиги 112 минг 500 гектар майдонда ғалла парваришлаб, мўл ҳосил етиштирди. Айни кунларда бошоқли донни ўриб-йиғиб олиш ва ҳосилдан бўшаган майдонларни сомон пояларидан тозалаб, пешма-пеш шудгор қилиш ишлари қизғин паллага кирди.Мавсумни юқори савияда уюшқоқлик билан ўтказиш учун барча чора-тадбирлар белгиланган. Мавсумга жалб этилган техника, донни қайта ишлаш корхоналари, дон қабул қилиш ва сақлаш омборларининг ёнғинга қарши ҳолати ўрганилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Ғалладан бўшайдиган майдонларни тозалаш ишларини ташкил қилиш, сомонни ёқишнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
– Сомонни ёқиш чорва учун тайёр озуқани нобуд қилиш билан бирга, атроф-муҳитга катта миқдорда зарар етказади ва ёнғин хавфини юзага келтиради, – дейди Фарғона вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Абдуманноп Мирзаев. – Шу боис маҳаллий ҳокимликлар, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб бормоқдамиз. Хусусан, сомонни ёқишнинг ер ҳосилдорлиги ва экологияга салбий таъсири, бундай ҳолатларда қўлланиладиган қонуний чоралар тарғиботига оид тадбир ва учрашувлар яхши самара бераётир.
Вилоятда 17 штаб ва 182 сомондан тозалаш отряди тузилган. Вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда сомон ёқишнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижроси тўлиқ таъминланмоқда. Экин майдонларида тасодифий ёнғин келиб чиқишининг олдини олиш борасида ҳам зарур чоралар кўрилмоқда. Ўрим-йиғим ва сомон ташишда иштирок этадиган барча турдаги техника воситалари ёнғинга қарши профилактик кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилди. Фермер хўжаликлари далаларида техника воситаларини ишлатиш ва таъмирлаш, ёқилғи қуйиш, хирмон жойлари ва ошхоналар фаолияти ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилмоқда.
Ғалладан бўшаган майдонларни сомондан тозалаш, уни ёқмаслик, ғаллазорлар яқинида очиқ оловдан фойдаланмаслик ва бошқа ёнғин хавфсизлиги қоидалари акс эттирилган 800 дан ортиқ плакат тарқатилди, далалар ва йўл ёқаларига қўшимча баннерлар ўрнатилди. Мунтазам ўтказилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари самарасида ер эгалари сомонни ёқиш оқибатида майдонлардаги фойдали ҳашаротлар нобуд бўлиб, тупроқнинг минерал ва маҳаллий ўғитларга бой қатлами жиддий зарар кўришини англаб етмоқда. Бу аҳоли саломатлиги, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга хизмат қилаётир.
Қисқача айтганда, вилоятда сомон ёқишдек хунук ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар, вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, фермерлар кенгаши ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш тадбирлари, давра суҳбатлари, мурожаат ва чорловлар ўз самарасини бераётир.