Сўмнинг номинал ва реал самарали алмашув курслари ҳисобланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан 2019 йилнинг январь ойидан 2024 йилнинг июнь ойигача бўлган давр учун сўмнинг номинал ва реал самарали алмашув курслари ҳисоблаб чиқилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2019 йилдан 2023 йилгача реал самарали алмашув курси 7,6 фоизга мустаҳкамланган, номинал самарали алмашув курси эса деярли 6,6 фоизга пасайган. 2024 йил бошидан реал самарали алмашув курси бироз пасая бошлади. Ўз навбатида, номинал самарали алмашув курси деярли бир хил даражада сақланиб қолди.
Номинал ва реал самарали валюта курсларининг ўзгаришига 3 та асосий омил таъсир кўрсатди: биринчиси, номинал курс суммасининг ўзгаришидир. 2023 йилнинг бошидан 2024 йилнинг июнь ойигача бўлган даврда ички валюта бозорида сўм АҚШ долларига нисбатан тахминан 12 фоизга қадрсизланди.
2023 йилнинг бошидан буён Россия (34 фоиз) ва Туркия (72 фоиз)да сезиларли девальвация тенденцияси кузатилган бўлса, Хитой (7,5 фоиз) ва Жанубий Корея (9 фоиз) миллий валюталарининг қадрсизланиш суръатлари ўртача даражада сақланиб қолинди.
Иккинчиси эса Ўзбекистон ва унинг савдо ҳамкори бўлган мамлакатларда нархлар даражасининг ўзгариши ҳисобланади. 2024 йилнинг июнь ойидаги ҳолатга кўра, Хитойда йиллик инфляция 0,2 фоизни, Россияда 8,6 фоизни, Қозоғистонда 8,4 фоизни, Туркияда 71,6 фоизни, Тожикистонда 3,5 фоизни ташкил этди. Ўзбекистонда йиллик инфляция 2023 йил июнига келиб 10,6 фоизгача тезлашди.
Учинчиси, Ўзбекистоннинг ташқи савдосида асосий савдо ҳамкоримиз бўлган мамлакатлар улушидир. Республиканинг ташқи савдо айланмасида ҳамкор мамлакатнинг улуши қанча кўп бўлса, ўзбек сўми алмашув курсининг ушбу мамлакат валютасига боғлиқлиги шунча юқори бўлади ва бу мамлакатда нархларнинг ўзгариши сўмнинг самарали алмашув курсларига кучлироқ таъсир қилади. Натижада Россия, Қозоғистон, Хитой ва Туркиядаги инфляция жараёнлари ва валюта курсларининг ўзгариши сўмнинг реал самарали алмашув курси индекси динамикасига сезиларли таъсир кўрсатади, дейилади МҲТИ хабарида.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА