Солиқларни вақтида тўлаш фуқаролик бурчимиз
Солиқлар юртимиз фаровонлиги, йўлларимиз равонлиги, аҳоли саломатлиги, фарзандларимиз келажаги учун сарфланади. Афсуски, айрим фуқаролар ўз мажбуриятларини унутиб, солиқ қарзларини тўламасдан келмоқда. Ваҳоланки, солиқларни ўз вақтида тўлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ижро ҳужжатлари бўйича давлат бюджетига солиқ қарздорлигини ундириш юзасидан солиқ органлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида 2897 та ижро ҳужжати бўйича 83,7 миллиард сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилиши таъминланди.
Шунингдек, солиқ ва бошқа ундирувлар юзасидан қарздорларга тегишли бўлган 42,4 миллиард сўмлик мол-мулклар хатланиб, 3,5 миллиард сўмлик мол-мулк электрон-онлайн аукцион савдоларига чиқарилган.

Қарздорлардан солиқ қарздорлигини ундириш билан боғлиқ жами 1222 нафар қарздорларнинг 5,4 миллиард сўмлик қарздорликларини қоплаш мақсадида иш ҳақи даромадлари ҳақида маълумотлар аниқланиб, иш ҳақларига қаратилган.
Мисол учун, Бюронинг Кармана туман бўлими иш юритувидаги “Н.” АЖдан 3 миллиард солиқ қарзини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бўйича қарздорликни ундириш мақсадида, ҳисоб рақамларига банд солинган ҳамда мол-мулкларига тақиқ қўйилган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида ташкилотдан солиқ қарздорлиги тўлиқ ундирилиб, давлат солиқ бошқармасининг тегишли ҳисоб рақамларига йўналтирилиши таъминланган.
Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан солиқ қарздорлигини ундиришга оид ижро ҳужжатлари бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири