Солиқлар ўз вақтида тўланмади, оқибатда эса...
Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан Давлат солиқ хизмати органлари билан ҳамкорликда солиқ қарздорларига нисбатан белгиланган тартибда ижро ҳаракатлари амалга оширилмоқда.Бу тўғрида МИБ Сирдарё вилоят бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Жумладан, Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамиятга нисбатан Давлат солиқ хизмати органларининг қарорлари асосида 20 та ижро ҳужжати юзасидан жами 2 миллиард 794 миллион сўм миқдоридаги солиқ қарзи ундирилиши белгиланган.

Қарздор томонидан мазкур қарз ихтиёрий равишда тўланмаганлиги сабабли, Мажбурий ижро бюросининг Гулистон шаҳар бўлими томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари бошлаб юборилди. Жараёнда қарздорга тегишли бўлган юк автомашиналари ва агротехника воситалари хатланди.

Ҳозирда мазкур хатланган мулклар белгиланган тартибда баҳоланиб, уларни аукцион савдолари орқали сотиш чоралари кўрилмоқда.
Қайд этиш лозимки, солиқ қарзларини ўз вақтида ундириш орқали давлат бюджетига тушумлар таъминланади. Бу эса ўз навбатида нафақа ва нафақа тўловлари, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий соҳаларни барқарор молиялаштиришга хизмат қилади.
Мажбурий ижро бюроси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини амалдаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилишга ҳамда давлат солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажаришга чақиради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири