“Солиқчи – кўмакчи” тамойили амалда
Ҳудуддларда давлат солиқ хизмати ходимлари тадбиркорлик субъектларига “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида кўмаклашмоқда.
Бухоро вилояти Олот туманидаги “Қурбонова Рухсора” масъулияти чекланган жамиятига давлат солиқ хизмати ходимлари аралашуви билан 300 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилишига кўмаклашилди.
– Бу ишни бошлашимдан олдин тўғриси, кимга қандай мурожаат қилишни ҳам билмасдим, – дейди тадбиркор Рухсора Қурбонова.

– Бино бор эди аммо уни жиҳозлашга маблағим етарли бўлмаганлиги боис давлат солиқ хизмати органига мурожаат қилдим. Улар тегишли ташкилотлар билан биргаликда менга имтиёзли кредит маблағлари ажратилишига кўмаклашишди. Ҳозирда ушбу маблағлар эвазига бинони таъмирлаб аёллар учун гўзаллик салонини ташкил этдим.
“Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида тумандаги кўмакка муҳтож тадбиркорлик субъектларига фаолиятларини юритишлари учун зарур бўлган газ, ер, электр, сув солиқ ҳамда кадастр борасидаги муаммоларини ўрганиб уларга амалий ёрдам бериб келинмоқда.
Ромитан туманида ҳам давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ҳал этишда амалий кўмак берилмоқда. Хусусан, ҳудуддаги кўп тармоқли “Зафар” фермер хўжалигига наслли қорамолларни кўпайтириш мақсадида бир ярим миллиард сўмга яқин кредит маблағлари олишларига кўмаклашилди. Ҳозирда ушбу чорвачилик фермасида 30 нафарга яқин доимий ишчилар меҳнат қилиб келмоқда.

Бухоро вилояти ДСБ Матбуот хизмати хабарига кўра, давлат солиқ хизмати масъул ходимлари 2021 йилнинг ўтган даврида ҳудуддаги жами 12 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектининг турли муаммоларини ҳал этишда амалий кўмак берилган.
Шундан, дастлабки бухгалтериясини юритиш бўйича 2 минг 900 та корхонага ёрдам берилди. Солиқ имтиёзлари ва уларни қўллаш тартибини тушунтириш борасида эса 1 минг 620 та корхонага тегишли амалий кўмак кўрсатилди. 470 га яқин корхонага кредитлар ажратилишига кўмаклашилди.
Асосийси тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган амалий кўмаклар натижасида бюджет тушумларининг ўз вақтида келиб тушиши ҳамда қўшимча ишчи ўринлари яратилишига эришилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА