Солиқ хизмати янгича босқичда
Президентимизнинг жорий йил 19-майдаги “Солиқ органлари фаолиятини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида 1-июлдан бошлаб, солиқ маъмурчилиги тизимида муҳим ва кенг қамровли ўзгаришлар амалиётга татбиқ этилди. Янги тартиб солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш тизимини янада соддалаштириш, уни ҳудудларда бевосита ва самарали ташкил этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Унга мувофиқ, эндиликда бозорлар, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари, хизмат кўрсатиш соҳаси субъектлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахсларга солиқ хизматлари тегишли туман ва шаҳар солиқ инспекциялари томонидан бевосита кўрсатилади.

Мазкур янгиланишларни жойларда тўлиқ ва самарали амалга ошириш мақсадида Жиззах шаҳар солиқ инспекциясида ўқув семинари ташкил этилди. Унда вилоят солиқ бошқармасидан инспекция тизимига бириктирилган солиқ ходимлари иштирок этишиб, янги тартиблар бўйича амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашмоқда.

Семинар давомида соҳанинг етакчи мутахассислари томонидан янги солиқ қонунчилиги талаблари, тадбиркорлик субъектларига қулай ва сифатли солиқ хизматларини кўрсатиш механизмлари, шунингдек, солиқ маъмурчилиги жараёнида учрайдиган долзарб масалалар ва уларнинг амалий ечимлари юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилмоқда.

Таъкидланганидек, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳар бир солиқ ходимининг касбий салоҳияти ва амалий тажрибасини юксалтириш орқали солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, соҳада очиқлик ва шаффофликни янада мустаҳкамлашдан иборат.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири