Солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари кафолатланади
Хоразм вилоят маъмурий суди томонидан вилоят Солиқ бошқармасида солиқ қонунчилигини тўғри қўллаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда низоларни судгача ҳал этиш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбирда вилоят маъмурий суди раиси Жамила Султанова, судьялар ҳамда бошқарманинг масъул ходимлари иштирок этди.
Мулоқот давомида солиқ органлари фаолиятида қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, мурожаатларни ўз вақтида ва холис кўриб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
– Маъмурий одил судловнинг бош мақсади фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини давлат органларининг ноқонуний қарорлари ёки ҳаракатларидан ҳимоя қилишдан иборатдир, – дейди Хоразм вилояти маъмурий суди раиси Жамила Султанова. – Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият солиқ низоларини судгача бўлган босқичда холис ва тўғри кўриб чиқиш орқали ҳал этиш имконияти мавжуд. Бугунги очиқ мулоқотдан кўзланган асосий мақсад ҳам солиқ идораларининг масъулиятини ошириш, маъмурий ҳужжатларни қабул қилишда қонун талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашдир.
[gallery-30872]
Суд томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида солиқ органларининг 30 та қарорлари ҳақиқий эмас деб ва мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган.
Шу сабабли солиқ органларининг қарорлари ва ҳаракатлари билан боғлиқ низоларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг олдини олиш чоралари ҳамда судгача ҳал этиш механизмларини самарали қўллаш юзасидан фикр алмашилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари