Солиқ тўловчиларга 5,1 триллион сўмдан ортиқ ҚҚС қайтарилди
2026 йилнинг январь–март ойлари давомида солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш ва автоматлаштириш жараёнлари самарасида тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни қайтариш тизими янада тезкор ва шаффоф тус олди.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу даврда жами 2 минг 226 та ариза кўриб чиқилиб, улардан 1 минг 545 та ташкилотга 5,1 триллион сўмдан ортиқ маблағ қайтарилди. Бу кўрсаткич мамлакатда бизнес юритиш муҳитини яхшилаш, айниқса, айланма маблағларни эркинлаштириш борасида муҳим қадам бўлмоқда.
Қайтарилган ҚҚС маблағлари асосан иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига тўғри келди. Жумладан, энг юқори улуш ишлаб чиқариш соҳасига тўғри келиб, ушбу йўналишдаги корхоналарга 3,8 триллион сўм қайтарилди. Бу эса саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи субъектларга 478,4 миллиард сўм, қурилиш тармоғига эса 233,87 миллиард сўм миқдорида ҚҚС қайтарилди. Бу кўрсаткичлар хизматлар бозори ва инфратузилма лойиҳаларида ҳам молиявий фаоллик ортиб бораётганини кўрсатади.
ҚҚСни ўз вақтида қайтариш механизмининг такомиллашуви тадбиркорларнинг давлат солиқ тизимига бўлган ишончини оширади, шунингдек, яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилади.
Айни пайтда рақамли солиқ хизматларининг кенг жорий этилиши орқали аризаларни кўриб чиқиш муддатлари қисқариб, инсон омили таъсири камаймоқда. Бу эса тизимнинг очиқлиги ва самарадорлигини янада оширишга замин яратмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА