Солиқ тизими: режа ва вазифалар белгиланди
Жиззах вилояти солиқ бошқармасида “2023 йилда бюджет тушумлари ижроси ҳамда 2024 йилда амалга ошириладиган аниқ режа ва вазифалар” мавзусида брифинг бўлиб ўтди. Унда вилоят, туман ва шаҳар солиқ тизими ходимлари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатовнинг тизимда ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар, жорий йил режалари юзасидан ахбороти тингланди.
Бошқарма бошлиғи мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар солиқ тизимида ҳам ўзининг ёрқин самараларини бераётганини, ўтган 2023 йилда “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойилига кўра янгича – “тадбиркорбай” тизими асосида манзилли ишлар олиб борилганлигини алоҳида таъкидлади.
Ушбу янги иш усубининг қўлланилиши натижасида бюджет даромадларига белгиланган прогноз кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди. Вилоятда 2023 йил учун бюджет даромадларига белгиланган 2 триллион 517 миллиард сўмлик прогноз 2 триллион 892 миллиард сўмга, яъни 115 фоизга бажарилди.
Жиззах вилоятида 2024 йил 1 январь ҳолатига қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчилар сони 7 минг 499 нафарга етди, бу эса ўтган йилга нисбатан 910 нафарга, яъни 114 фоизга ўсган.
[gallery-15573]
Фаолият кўрсатаётган ҚҚС тўловчилар томонидан ўтган йил давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низом талабларига асосан ҚҚС салбий фарқ суммасини (ортиқча тўлов) қоплаб бериш бўйича солиқ тўловчилар томонидан юборилган 120 та ҳолатдаги аризалар ижобий деб топилиб, 162 миллиард 600 миллион сўм ҚҚСнинг ортиқча тўлов суммалари уларнинг ҳисоб рақамларига қайтариб берилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 26 декабрдаги “Маҳалла бюджети” тизимини жорий этиш орқали маҳаллаларнинг молиявий имкониятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2023 йил 1 январидан бошлаб Зомин туманида жисмоний шахслар мол-мулк ҳамда ер солиқлари (нотурар жойлар бундан мустасно) бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи туман бюджетлари орқали тегишли жамғармаларга йўналтирилиши белгиланган.
Шунингдек, Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан 2024 йил 1 январдан барча маҳаллаларга жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиқлари (нотурар жойлар бундан мустасно) бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи тегишли жамғармаларга йўналтирилиши белгилаб қўйилди.
Прогноз кўрсаткичларини таъминлашда солиқ қарздорлигини ундириш асосий манбалардан бири ҳисобланади. Солиқ органлари томонидан 2023 йилда 229 миллиард 200 миллион сўм солиқ қарздорлиги ҳисобига 3 минг 439 та мол-мулк хатловга олиниб, бунинг натижасида 178 миллиард 300 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилди.
Бундан ташқари, Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлимларига солиқ қарздорлигини мол-мулки ҳисобидан ундириш тўғрисида 321 миллиард сўмлик 22 минг 596 та солиқ органлари қарорлари юборилиб, ушбу қарорларга асосан МИБ билан ҳамкорликда 188 миллиард 400 миллион сўмлик солиқ қарздорлиги ундирилди.
– Яширин иқтисодиёт бўйича вилоятимизда ўтган йилда банк ҳисоб рақамлари орқали йирик миқдорда пул айланмалари ҳаракатини ҳамда фаолиятида шубҳали операцияларни амалга оширган 29 та тадбиркорлик субъекти аниқланди, – деди Жиззах вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатов ўз ахборотида. – Ушбу тадбиркорлик субъектлари ЭҲФ орқали 125 миллиард 500 миллион сўмлик товар (иш, хизматлар) реализациясини ҳамда 578 миллиард 6 миллион сўмлик товар (иш, хизматлар) харидини амалга оширган.
Ушбу тадбиркорлик субъектларининг юридик манзилида мавжудлиги ўрганилганда, 13 та тадбиркорлик субъекти кўрсатилган юридик манзилида мавжудлиги, 16 та тадбиркорлик субъекти кўрсатилган юридик манзилида мавжуд эмаслиги аниқланган. Ўтказилган солиқ текширувлари натижаси бўйича фаолиятида яширин иқтисодиёт билан шуғулланиш эҳтимоли юқори бўлган ҳамда фаолиятида шубҳали операцияларни амалга оширган 18 та тадбиркорлик субъекти бўйича текшириш ҳужжатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Айланма солиғи тўловчи бўлган 574 та умумий овқатланиш шохобчаси 15 миллиард 800 миллион сўм товар айланмасини амалга ошириб, 588 нафар (атиги 1-2 нафардан) ишчи расмийлаштирган. ҚҚС тўловчи 60 та УОШ 69 миллиард 800 миллион сўм товар айланмаси бўлиб, 545 нафар (ўртача 8-10 нафардан) ишчи- хизматчи расмийлаштирган. Шундан кўриниб турибдики, айланма солиғи тўловчиси ҳисобланган УОШларда яшириш иқтисодиёт билан шуғулланиш, солиқдан қочиш механизми мавжуд.
Вилоят солиқ тизими ходимлари тизимда 2024 йил учун бюджет даромадларига белгиланган 2 триллион 100 миллиард сўмлик прогноз кўрсаткичларини 2 триллион 400 миллиард сўмга бажариш бўйича ўз олдиларига аниқ мақсад ва вазифалар қўйди. Прогноз кўрсаткичлари ана шунда 115 фоизга бажарилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари