Солиқ саволларига жавобни энди сунъий интеллект беради
Солиқ тўловчи энди мураккаб саволларга жавоб излаб турли манбаларни бирма-бир кўриб чиқиши шарт эмас. Сунъий интеллект асосида ишлайдиган «AI SOLIQ» платформаси тадбиркорлар, бухгалтерлар ва корхона раҳбарларига солиқ масалалари бўйича тезкор, содда ва амалий тушунтиришлар олиш имконини бермоқда.
«Ўзбекистон» телеканалида Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раҳбарияти ва мутахассислари иштирокида «AI SOLIQ — сунъий интеллект асосидаги янги авлод рақамли платформаси» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда солиқ тўловчилар учун яратилган «AI SOLIQ» портали ва унинг имкониятлари, солиқ органлари фаолиятида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, ушбу технологияларни қўллашнинг ҳуқуқий жиҳатлари, шунингдек, тадбиркорларга қонуний фаолият юритиш бўйича тезкор тавсиялар муҳокама қилинди.
Солиқ қўмитаси томонидан ai.soliq.uz портали ишга туширилди. У сунъий интеллект технологиялари асосида яратилган янги авлод солиқ хизматларини ягона рақамли майдонга бирлаштиради. Платформа, аввало, тадбиркорлар, бухгалтерлар ва корхона раҳбарлари учун мўлжалланган. Фойдаланувчи ўз ташкилоти фаолиятини қисқа вақт ичида интеллектуал таҳлил қилиши, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг «қизил» тоифага тушиш сабабларини аниқлаши, солиқ рейтинги, солиқ имтиёзлари ва солиқ ҳисоботлари бўйича зарур тушунтиришларни олиши мумкин.
Платформадаги хизматлар мулоқот, яъни чат шаклида ишлайди. Бу эса мураккаб солиқ масалалари бўйича маълумотни оддий, тушунарли ва амалиётга йўналтирилган шаклда олиш имконини беради. «AI SOLIQ»нинг аҳамияти фақат солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш билан чекланмайди. Порталда Солиқ қўмитасининг сунъий интеллект йўналишидаги асосий ишланмалари ҳам жамланган. Платформада амалиётга жорий этилган рақамли ечимлар билан бир қаторда, солиқ маъмуриятчилигини рақамли трансформация қилиш учун яратилаётган технологик асослар ҳам намойиш этилган. Улар орасида «Soliq LLM» миллий тил модели, нутқ ва матн генерацияси технологиялари, компьютер кўриши — Computer Vision, шунингдек, катта ҳажмдаги маълумотлар — Big Data асосида ишловчи машинали ўқитиш — Machine Learning ечимлари мавжуд.
Бу технологиялар солиқ соҳасида маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш, инсон меҳнатини талаб қиладиган такрорий жараёнларни автоматлаштириш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Бугун сунъий интеллект технологияларидан нафақат тадбиркорлар ва солиқ тўловчилар учун яратилаётган хизматларда, балки солиқ органларининг турли бўғинлари фаолиятида ҳам фойдаланилмоқда.
[gallery-30708]
Маҳалладаги ходимлардан тортиб Солиқ қўмитаси раҳбариятигача бўлган тизимда сунъий интеллектдан маълумотларни таҳлил қилиш, такрорланувчи жараёнларни автоматлаштириш, бошқарув қарорларининг сифатини ошириш ва ходимлар иш самарадорлигини юксалтириш мақсадида фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Бундай ёндашув солиқ маъмуриятчилигини инсон омилига ортиқча боғлиқ бўлган жараёнлардан босқичма-босқич халос этиб, маълумотларга асосланган бошқарув тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.
Солиқ соҳасида сунъий интеллект экотизимини яратиш ва ривожлантириш ишлари жорий йил бошида Президент ташаббуси билан ташкил этилган Сунъий интеллект лабораторияси фаолияти билан ҳам боғлиқ. Мазкур лаборатория солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, фуқаролар ва бизнес вакиллари учун замонавий рақамли хизматларни яратишга қаратилган сунъий интеллект ечимларини ишлаб чиқиш, амалиётга жорий этиш ва ривожлантириш бўйича ягона марказ сифатида фаолият юритмоқда. Лаборатория томонидан ишлаб чиқилаётган ечимлар солиқ органларидаги мавжуд жараёнларни рақамлаштириш билан бирга, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга ҳам қаратилган.
Сунъий интеллектнинг солиқ соҳасига кенг жорий этилиши, аввало, фуқаролар ва тадбиркорларнинг солиқ органлари билан муносабатларини соддалаштиришга хизмат қилиши керак. Тадбиркор учун зарур маълумотни тез олиш, солиқ ҳисоботларини тушуниш, имтиёзлардан фойдаланиш шартларини билиш ёки муайян муаммонинг сабабини аниқлаш қанчалик осонлашса, солиқ мажбуриятларини ихтиёрий ва қонуний равишда бажариш имкониятлари ҳам шунчалик ортади. Шу нуқтаи назардан, «AI SOLIQ»ни оддий рақамли хизмат эмас, балки солиқ тўловчи ва давлат ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган технологик ечим сифатида баҳолаш мумкин.
Солиқ қўмитаси келгусида ҳам сунъий интеллектнинг замонавий технологияларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчилар учун интеллектуал хизматлар кўламини янада кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу жараённинг пировард мақсади эса аниқ — бизнес ва фуқаролар учун солиқ масалаларида ортиқча вақт ва бюрократик тўсиқларни камайтириш, солиқ органлари билан ўзаро муносабатларни янада содда ва қулай қилиш ҳамда солиқ хизматлари сифатини янги босқичга олиб чиқиш.
Шаҳноза Маматуропова,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА