Солиқ қонунчиликдаги янгиликлар тушунтирилди
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига асосан Солиқ кодексининг 46 моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу янгиликларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида Тошкент вилояти солиқ бошқармаси томонидан амалий семинар ташкил этилди.

Унда соҳа мутахассислари ва тадбиркорлар иштирок этди. Сўзга чиққанлар қўшилган қиймат солиғини қоплашда ўтказиладиган камерал солиқ текшируви ҳақида атрофлича маълумот берди. Юридик шахслар ва ЙТТларга камерал солиқ текшируви натижасида қўшимча ҳисобланган солиқларни 6 ой мобайнида тенг улушларда бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилгани ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Таҳлилларга кўра, 2023 йил сентябрь-декабрь ойларида ўтказилган камерал солиқ текширувларида қарийб 6 мингта субъектлар томонидан 2,1 триллион сўмлик қайта ҳисоботлар тақдим қилинди. Ўз навбатида уларнинг фаолиятида солиқ аудити ўтказилиши ҳамда молиявий санкциялар қўлланилишининг олди олинди. Бироқ, айрим солиқ тўловчилар берилган енгилликларга қарамасдан камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органларининг тафовутлар тўғрисидаги талабномасига жавоб бермасдан келмоқда. Бу уларга нисбатан солиқ аудити тайинлаш заруратини келтириб чиқармоқда.

Тадбирда шунингдек, тадбиркорлик субъектларига яратилган шароитлар ҳам сарҳисоб қилинди. Хусусан, охирги уч ойда жами 4 минг 168 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қонунийлаштирилган. Шу билан бирга, 2945 та юридик шахслар,1223 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар рўйхатга олинди. Жойлардаги 554 та корхонанинг бўш турган объектларини ишга тушириш ҳисобига 1548 та иш ўрни яратилди.

Шунингдек, 2023 йил давомида 102 минг 98 нафар аҳоли меҳнат стажига эга бўлиши ва келгусида пенсия олиши учун ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар олди ва Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар акс этган махсус қўлланмалар тарқатилди.
А. Мусаев, ЎзА.