Солиқ органининг ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорига эътироз билдирилса, масала суд тартибида кўриб чиқилади
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
20 октябрь куни қабул қилинган қонунга кўра, Солиқ кодексининг 111 ва 112-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бунда солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан қабул қилиниши мумкин.
Солиқ тўловчи (солиқ агенти) ушбу қарор юзасидан эътироз билдирган тақдирда, операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг эътироз тақдим этилган кундан кейин уч кундан кечиктирмай берган аризасига асосан суд томонидан қабул қилиниши мумкин.
Бунда операциялар суд томонидан қарор қабул қилингунига қадар тўхтатиб турилади.
Шунингдек, Солиқ кодекси 111-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан бартараф этилган тақдирда, солиқ органи операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорини Солиқ кодексининг 112-моддасига мувофиқ бекор қилади.
Солиқ кодекси 112-моддасининг биринчи қисмига янги асос қўшилди: операцияларни тўхтатиб туришни рад этиш тўғрисидаги суднинг қарори қонуний кучга кирган кун.
Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиришга кўра, банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
– солиқ тўловчи томонидан операцияларни тўхтатиб туриш учун асос бўладиган қонун талаблари бузилганлигини тасдиқловчи далил;
–солиқ органи томонидан солиқ тўловчига операциялар тўхтатиб турилиши тўғрисида хабарнома юборилганлигининг далили;
солиқ тўловчининг солиқ органининг қарори юзасидан билдирган эътирози.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
ЎзА