Солиқ маъмуриятчилигида бошқарув самарадорлигининг янги модели
Бугун давлат бошқарувида асосий мезон фақат вазифаларнинг бажарилиши эмас, балки улар қандай натижа бергани билан белгиланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 19 майдаги “Солиқ органлари фаолиятини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони солиқ тизимида бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим ислоҳот сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Фармонда белгиланган мақсадлар аниқ натижа кўрсаткичлари билан боғланган. Жумладан, 2030 йилга қадар солиқларни ихтиёрий тўлаш улушини 98 фоизга етказиш, солиқ қонунчилигини бузиш ҳолатларининг олдини олиш ва юқори хавфларни икки баробар камайтириш, жами солиқ тушумларини икки баробар ошириш, солиқ хизматлари сифатини яхшилаш ва солиқ тўловчиларнинг солиқ органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш вазифалари белгиланган.
Бу кўрсаткичлар солиқ органлари фаолиятини фақат бажарилган ишлар ҳажми билан эмас, балки аниқ натижа билан баҳолаш учун асос яратади.
Фармонда солиқ хавфларини бошқариш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. 2026 йил 1 июлдан солиқ хавфи ўрта бўлган солиқ тўловчиларга аниқланган хавфлар тўғрисида хабарнома юбориш тизими жорий этилди. Агар аниқланган камчиликлар бир ой ичида бартараф этилса, солиқ текшируви ўтказилмаслиги белгиланди. Бу механизмда асосий эътибор жазолашга эмас, камчиликни бартараф этишга қаратилган.
Бошқарув самарадорлигини оширишда яна бир муҳим йўналиш – давлат органининг фуқаро ёки тадбиркор мурожаат қилгандан кейин ҳаракат қилиши эмас, балки мавжуд маълумотлар асосида эҳтиёжни олдиндан аниқлай олиши.
Фармонда 2027 йил 1 январдан айрим солиқ ҳисоботларини проактив тартибда шакллантириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича солиқни ваколатли органлар тақдим этган маълумотлар асосида ҳисоблаш ва айрим солиқ имтиёзларини идоралараро ахборот тизимлари маълумотлари асосида проактив тартибда қўллаш белгиланган.
Бу ёндашув фуқаро ва тадбиркорнинг давлат органи билан муносабатларини соддалаштиришга хизмат қилади. Яъни давлатда мавжуд маълумотни яна бир бор фуқародан талаб қилиш ўрнига, мавжуд ахборотдан самарали фойдаланишга эътибор қаратилади.
Натижада ортиқча ҳужжатбозлик, такрорий маълумот тақдим этиш ва солиқ мажбуриятларини бажаришга сарфланадиган вақтни қисқартириш имкони пайдо бўлади. Шу маънода, проактив хизматларни – рақамлаштиришнинг энг муҳим амалий натижаларидан бири бўлиб, давлат хизматини фуқарога яқинлаштиради.
Фармонда 2026 йил 1 августдан солиқ органларининг мижозларга йўналтирилганлик индекси жорий этилиши белгиланган. Мазкур индекс орқали солиқ тўловчилар хизматлардан фойдаланиш имконияти ва қулайлиги, хизматлар сифати, солиқ мажбуриятларини бажариш учун сарфланадиган вақт ҳамда солиқ органлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини баҳолаш имконига эга бўлади. Янги тизимни фақат технология ёки ташкилий ўзгаришлар билан барпо этиб бўлмайди. Ислоҳотнинг амалий натижаси, аввало, уни амалга оширадиган кадрларнинг салоҳияти ҳам муҳим аҳамиятга эга.
2026/2027 ўқув йилидан Солиқ қўмитаси ҳузурида Солиқ олий мактаби, Малака ошириш ва компетенцияларни ривожлантириш маркази ҳамда Солиққа оид тадқиқотлар марказини ташкил этиш белгиланган. Халқаро малака даражалари ва сертификатларга эга ходимларни рағбатлантириш механизмларининг жорий этилиши ҳам кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган.
Айниқса, Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан биргаликда меритократия тамойилига асосланган Инсон ресурслари салоҳиятини ошириш (HR Capacity Development) стратегиясини ишлаб чиқиш вазифасининг белгиланиши эътиборга моликдир.
Демак, кадрлар сиёсатида ҳам асосий эътибор лавозимни тўлдиришга эмас, зарур компетенцияни шакллантириш ва натижага йўналтирилган инсон ресурсларини ривожлантиришга қаратилмоқда.
Шу маънода, мазкур фармонни солиқ соҳасидаги ўзгаришлар мажмуи сифатидагина эмас, балки бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган яхлит ислоҳот сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки самарали бошқарув кўпроқ назорат қилиш эмас, хавфни олдиндан кўриш, кўпроқ ҳужжат талаб қилиш эмас, маълумотдан самарали фойдаланиш, кўпроқ жараён яратиш эмас, ортиқча жараённи қисқартириш, энг муҳими, фуқаро ва тадбиркор учун аниқ натижа яратишдир.
Ҳаётбек АКБАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Бошқарув самарадорлиги агентлиги Андижон филиали бошлиғи ўринбосари.
ЎзА