Солиқ идоралари тадбиркорга кўмакчи
Бугун мамлакатимизда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали яширин иқтисодиёт улушини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада қатор фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. Қашқадарё вилояти солиқ бошқармасида тадбиркорлар иштирокида ўтган амалий учрашувда айнан шу масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Вилоят солиқ бошқармасида вилоят прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси масъул ходимлари иштирокида учрашув ўтказилди. Унда тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш, яширин иқтисодиётни олдини олиш юзасидан вилоятда амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Жумладан, вилоятга 2024 йил учун 4 триллион 112 миллиард сўм бюджет тушуми режаси белгиланган бўлиб, амалда йиллик режа 4 триллион 268 миллиард сўмга ортиғи билан бажарилганлиги қайд этилди.
Ўтказилган таҳлиллар натижасида бюджетга 136 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча манбалар аниқланганлиги келтириб ўтилди.
Шунингдек, тадбиркорликни янада ривожлантириш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилганлиги, жумладан, 2024 йилда 3 минг 288 та тадбиркорга кўрсатилган амалий ёрдам натижасида 914 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 2 минг 158 та иш ўрни яратилганлиги тўғрисида маълумотлар берилди.
Учрашув давомида тадбиркорларни қийнаб келаётган масалалар юзасидан фикрлари тингланди. Уларни ҳал қилиш борасида аниқ вақт ва масъуллар белгилаб олинди.
Қолаверса, масъуллар тадбиркорлар ҳузурига бориб, суҳбатлар ташкил этилди. Уларга харид қилинган товар ва маҳсулотлар учун онлайн назорат касса машинасининг чекини тақдим этмаслик, банк пластик карталари орқали савдони рад этмаслик, ишчи хизматчиларини солиқ ҳисоботларида тўлиқ кўрсатиш, уларга конверт усулида ойлик бериш жавобгарликка сабаб бўлиши юзасидан тушунтиришлар берилди.
– Бугун масъуллар келиб, бизга қабул қилинган солиқ қонунчилигидаги янгиликларни тушунтириб ўтди, – дейди Қарши шаҳридаги “Lazzat” хусусий корхонаси иш юритувчиси Бахтиёр Бозоров. – Биз бундан хурсандмиз. Улар томонидан берилган маълумотлар фаолиятимизда фойдали бўлди.
Бу каби тадбирлар давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари