Солиқ бошқармасида матбуот анжумани
Хоразм вилоят солиқ бошқармасида коррупцияга қарши курашиш, рақамлаштиришни ривожлантириш ва инсон омилини чеклаш орқали солиқ соҳасини коррупциясиз соҳага айлантириш, бизнесни соядан чиқариш ҳамда солиқ қонунчилигида янгиликлар ва ўзгартиришларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда солиқ хизмати, прокуратура ходимлари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар авваламбор аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда жамиятни коррупция иллатидан холи этишга қаратилган. Солиқ соҳасининг рақамлашиши, инсон омилининг тобора камайгани, қолаверса, солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган электрон хизматларнинг содда ва қулай яратилгани коррупциянинг кескин камайишига олиб келмоқда.
Тадбир давомида коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш барча даражадаги раҳбарлар ва ходимларнинг устувор вазифаси этиб белгилангани таъкидланди.
[gallery-22805]
– Эндиликда ҳар бир тадбиркор, фуқаро биргина мобил қурилма орқали «Солиқ» мобил иловасидан фойдаланиб, дунёнинг қайси бурчагида бўлишидан қатъи назар, мажбуриятини бажариши, раҳбар ёки таъсисчи бутун бошли бизнеси, бухгалтерияси қандай ишлаётганини кузатиб бориши, қонуний ишлаётган бизнес ҳамкорларни танлаши мумкин, – дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Саидов. – Ўзини ўзи банд қилиш тизими аҳоли томонидан жуда қулай тизим сифатида қабул қилинди. Юздан ортиқ фаолият тури киритилган мазкур инструмент меҳнат бозорида яширин иқтисодиётни соядан чиқариш платформасига айланди. Қисқа вақт ичида мустақил фаолият юритиб келаётган 60 минг 109 нафардан ортиқ фуқаро меҳнат қилишнинг қонуний йўлига ўтди.
Биргина енгил автомобилда йўловчи ташиш фаолиятининг ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолият турларига киритилиши натижасида илгари яширин ишлаган 700 га яқин такси хизмати легаллаштирилди.
Таъкидланганидек, солиқ соҳасида маҳаллабай ва корхонабай ишлаш тизимининг яратилиши ҳар бир солиқ тўловчи билан бевосита мулоқотда бўлиш учун яратилган дастурлар орқали таҳлил қилиб борилмоқда. Шунингдек, солиқ идораларига ишга қабул қилишда шаффофликни таъминлаш учун танлов ўтказишнинг янги тартиби ишлаб чиқилиб, бўш иш ўринлари очиқ порталларда эълон қилиб борилмоқда.
Қолаверса, инсон омилини чеклаш мақсадида 88 та электрон давлат хизмати ташкил қилиниб, тадбиркорлик субъектларига масофадан туриб мажбуриятларини вақтида бажаришга қулай шароит яратилди. Шунингдек, яширин иқтисодиётни қисқартириш, бизнесни соядан чиқариш мақсадида олиб борилаётган ишларга ҳам алоҳида урғу берилди.
Қизғин бахс-мунозаларга бой бўлган матбуот анжуманида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари