Солиқ тўловчилар учун семинар
Қашқадарё вилоятида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳияти тарғиботига қаратилган семинар ташкил этилди.
Қашқадарё вилоятида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳияти тарғиботига қаратилган семинар ташкил этилди.
ТадбирдаЎзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев солиқ қонунчилигидаги янгиликлар, ўзгартиришлар ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот берди.


Маълумки, 2019 йилнинг 30 декабрида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилинди. Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 71 та боб, 480 та моддадан иборат бўлиб, солиқ қонунчилигида қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Хусусан, солиқ турлари 13 тадан 9 тага қисқартирилди. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизими тубдан ўзгартирилди. Семинарда булар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтилди.
– Солиқ мажбуриятларини ўз вақтида адо этган солиқ тўловчиларга 2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳосил бўлган ортиқча суммани, яъни “манфий” қолдиқ суммасини тўлиқлигича қайтариш тартиби жорий этилмоқда, - дейди Косон туманидаги “Alba david” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Наргиза Суюнова. - Биз бу қулайликлардан мамнунмиз.


Семинар давомида жисмоний шахсларни солиққа тортиш борасидаги янгиликлар ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтилди. Айтиш жоизки, жисмоний шахслар томонидан мол-мулк ва ер солиғи ҳақида тўлов хабарномасини солиқ тўловчиларга етказиш муддати 1 март этиб белгиланди. Ҳисобланган солиқларни жисмоний шахслар тенг улушларда 15 апрель ва 15 октябрга қадар тўлашлари жорий этилди.
Тадбир давомида шунингдек, солиқ тўловчиларнинг бир гуруҳига эсдалик совғалари топширилди.

