Солиқларни ўз вақтида тўлаш – бурчимиз
Солиқлар мамлакатимиз тараққиёти ва куч-қудратини, халқимиз фаровонлиги ва тинчлигини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим манбадир.
Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 51-модда.
Солиқлар мамлакатимиз тараққиёти ва куч-қудратини, халқимиз фаровонлиги ва тинчлигини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим манбадир.
Бугунги кунда аксарият юртдошларимиз бунинг моҳиятини чуқур англаб, солиқларни ўз муддатида тўламоқда. Бу юртимизда солиқ маданияти тобора юксалаётганидан далолатдир. Аммо солиқ тўлашни пайсалга солиш ёки ундан қасддан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай ҳолатларни бартараф этиш ва олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.
Пойтахтимизда Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 22 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарори ижросига бағишланган йиғилишда шулар ҳақида гап борди.
Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ю.Насимжонов ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркор ва ишбилармонларга, айниқса, кичик бизнес вакилларига эркин ва самарали иш юритиш, иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишда янги имкониятлар яратилаётганини таъкидлади. Бу халқимиз фаровонлиги ошиши, мамлакатимиз тараққиёти янада юксак поғоналарга кўтарилишида муҳим аҳамият касб этаётир.
2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Мазкур фармон билан тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш учун қулай шароит яратилмоқда. Тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилди. Тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар бевосита айбдорлардан ундирилиши таъминланади. Бу ноқонуний текширишлар барҳам топиши, давлат органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти асоссиз тўхтатилиши ва зарар етказилишига йўл қўймасликка олиб келади.
Яратилаётган кенг имкониятлар тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини ривожлантириш билан бирга зиммаларидаги бурч ва масъулиятни вақтида адо этишни ҳам юклайди. Солиқ ва бошқа мажбурий йиғимларни вақтида тўлаш иқтисодиётимиз барқарорлигига хизмат қилади.
Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси, хўжалик суди масъул ходимлари, суд ижрочилари, туманлар, солиқ қарзи мавжуд бўлган корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган йиғилишда бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга тушумлар бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларини бажариш, бу борада соҳа ходимлари масъулиятини ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди. Солиқларни ўз вақтида тўламаслик, солиқ органи томонидан мажбурий ундирув чоралари кўрилиши натижасида солиқ қарзига қўшимча равишда харажатлар ҳам пайдо бўлишига олиб келиши тушунтирилди. Мазкур йўналишда олиб борилаётган тадбирларни янада жадаллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш мақсадида тегишли вазифалар белгилаб олинди.