Солиқ кодекси тадбиркорларнинг ҳуқуқий таянчидир
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида кичик бизнеснинг иқтисодиётимиздаги улуши тобора ортиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида кичик бизнеснинг иқтисодиётимиздаги улуши тобора ортиб бормоқда.
Айниқса, янги таҳрирда қабул қилинган Солиқ кодекси жорий йил 1 январдан амалга киритилиши бу борада янги даврни бошлаб берди. Ҳар жиҳатдан тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилувчи ушбу қонун ҳужжати юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига ўзгаришлар киритилгани билан аҳамиятли бўлди, дейишмоқда соҳа мутахассислари.
Солиқ кодексига асосан, бир қатор махсус солиқ тартиблари бекор қилинди, хусусан, бозорлар учун, уларни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказган ҳолда, 2020 йил 1 январдан бошлаб бозорлар аввалги солиқ тўлаш тартиби, яъни даромаднинг 50 фоизини тўлаш ўрнига, агар реализация ҳажми 2019 йилда 1 миллиард сўмдан ошган бўлса, умумдавлат солиқларини юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, қўшилган қиймат солиғи ва 20 фоизли ставкада фойда солиғини тўлаши белгилаб қўйилди. Агарда реализация ҳажми 2019 йилда 1 миллиард сўмдан кам бўлганда айланмадан солиқни, шунингдек, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаши назарда тутилди. Биргина мисол сифатида оладиган бўлсак, Навоий шаҳридаги “Саховат” масъулияти чекланган жамиятига қарашли деҳқон бозори томонидан 2019 йилда 4 миллиард 332 миллион сўмдан ортиқроқ миқдорда солиқ тўланган бўлса, 2020 йилда бундай мажбурий тўловлар 2 миллиард 307,5 миллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
– Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 100-моддасига асосан, солиқларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тартибининг жорий этилгани тадбиркорлар учун айни муддао бўлди, – дейди Навоий вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходими Саидамин Мавлонов. – Масалан, солиқ тўловчиларнинг фаолияти давомида табиий офат, технологик фалокат ёки бошқа бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар юз берса, етказилган зарарни тиклаши учун имконият бериш мақсадида солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин. Бу, шунингдек, банкротлик хавфи юзага келган тадбиркорлик субъектларининг келажаги учун ҳам яна бир имкониятдир.
Шу билан бирга, Кодекс билан яна бир қулайлик яратилдики, бу бир қатор фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқи учун олинадиган давлат божининг миқдорини деярли 4 бараварга камайтирди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун, уларни умумбелгиланган солиқ тўлашга ёки айланмадан солиқ тўлашга ўтказиш билан ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар учун фойда солиғининг “ноль“ ставкаси белгиланди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун ишлатиладиган мол-мулк қисми бўйича мол-мулк солиғидан ва томчилатиб суғориш тизими жорий этилган ерлар учун ер солиғидан имтиёзлар сақлаб қолинди.
Энг муҳими, якка тартибдаги тадбиркорлар учун декларация асосида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашни ёки 2020 йилдан бошлаб ўртача 25 фоизгача пасайтириладиган қатъий белгиланган миқдорда солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқи берилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририда ҳисобварақ-фактуралар қоида тариқасида электрон кўринишда расмийлаштирилиши шартлиги белгиланди. Кўп сонли солиқ тўловчиларни электрон ҳисоб операторларига улаш зарурати туфайли, 2020 йил 1 июлига қадар солиқ органлари белгиланган тартибни бузганлик учун тадбиркорларга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмайди. Бугунги кунга қадар Навоий вилоятида 2 минг 284 тадбиркор электрон ҳисобварақ-фактурага ўтган.
Муҳими, кўп йиллардан буён солиқ тўловчиларни ташвишлантириб келаётган масалалардан яна бири жорий йилдан ўз ечимини топди. Яъни, солиқ органларининг солиқ тўловчининг солиқ қарзини ундиришни унинг дебиторидан ундириш ҳуқуқи бекор қилинади. Эндиликда, ҳар ким ўз қарзи учун ўзи жавобгар бўлади. Агарда қарздор ва унинг ҳамкори, ёки солиқчилар тилида айтганда дебитор ва кредитор ўртасида қарздорлик юзага келган бўлса, ҳар икки тараф муаммони суд тартибида ўзаро ҳал этаверади.
Солиқ органларининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш учун жавобгарлиги кучайтирилди. Аниқроқ айтганда, ортиқча тўланган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш ва ортиқча ундирилган солиқ суммасини ҳисобга олиш, яъни қайтариш механизми жорий этилди. Бунда, солиқ суммасини қайтаришда ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқ органи томонидан солиқ тўловчига фоиз тўлаш назарда тутилади.
– Аввалги тартибга қўшилган қиймат солиғидан ортиқча тўлов, яъни “манфий” қолдиқни фақатгина экспорт қилувчи корхоналар қайтариб олиш имкониятига эга бўлган бўлса, эндиликда барча қўшилган қиймат солиғи тўловчилар бу ҳуқуққа эга бўлди, – дейди “Навоий Бахт текстиль” масъулияти чекланган жамияти бош директори ўринбосари Бобур Нарзиев. – Бундай имконият ва яхши шароит, албатта, биз тадбиркорлар учун улкан имкониятлар эшигини очмоқда.
Шу билан биргаликда, Солиқ органларига риск-таҳлил асосида камерал солиқ текширувлари, сайёр солиқ текширувларини ва солиқ аудитини тайинлаш ҳуқуқини берадиган солиқ назоратини амалга оширишнинг янги тартиби жорий этилди. Фойда солиғи бўйича “ноль“ фоизли миқдорида ставка ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдаси бўйича қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчи корхоналари учун қўлланилади. Бунда, реализация қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 90 фоиздан ортиқ бўлиши лозим.
Ижтимоий солиқ ставкаси давлат корхоналарига, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга, шунингдек, устав фондида 50 ёки ундан ортиқ фоиз давлат улуши бўлган юридик шахсларга ва уларнинг таркибий бўлинмаларига нисбатан 25 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилди. Бунинг натижасида биргина Навоий вилоятида устав фондида 50 ёки ундан ортиқ фоиз давлат улуши бўлган 227 корхона ихтиёрида 287 миллиард 442 миллион сўм маблағ қолди.
Солиқ органи томонидан солиқ тўловчиларга тўловларни тўлаш тўғрисида билдиришнома тақдим этиш муддати 1 мартдан кечиктирмай белгиланади. Солиқни тўлаш муддати йилига икки марта – 15 апрель ва 15 октябргача тенг улушларга бўлиб белгиланди.
Қурилиш ташкилотларининг ёки қурувчиларнинг балансида уларни кейинчалик сотиш учун ҳисобида турган кўчмас мулк объектлари ушбу объектлар фойдаланишга топширилгандан бошлаб олти ой ўтгандан сўнг солиқ солиш объектига киритилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Кодексда мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларнинг қонуний ишлаши учун шарт-шароит яратишга хизмат қиладиган нормалар ўз аксини топди. Бундан кўзланган мақсад фуқаролар солиқдан қочиш эмас, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлишига эришишдир. Айнан ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда янги солиқ тизимини яратишнинг асосий ғояси тенглик, соддалик, аниқлик ва самарадорлик каби асосий принципларга асосланди.