Соҳил футболи: Ўзбекистон қайси жамоалар билан битта гуруҳдан жой олди?
Бугун, 10 сентябрь куни Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида соҳил футболи бўйича Осиё кубоги мусобақаларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Қуръа натижаларига кўра, Таиландда ташкил этиладиган қитъа кубогининг "А" гуруҳидан мезбон Таиланд мусобақанинг уч карра ғолиби Япония, 2006 йилги чемпион Баҳрайн ҳамда Ироқ жамоалари жой эгаллади.
"Б" гуруҳидан эса Осиё кубоги мусобақасининг бешинчи совринига эга чиқиш орзусидаги Эрон жамоаси Ливан, Вьетнам ҳамда Афғонистон билан баҳс олиб борадиган бўлди.

Ўзбекистон жамоаси эса "C" гуруҳида Ўммон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони билан тўқнаш келади.
Гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар, шунингдек, учинчи ўринни эгаллаган энг яхши иккита жамоа чорак финал йўлланмасига эга чиқади.
Эслатиб ўтамиз, соҳил футболи бўйича 12 та жамоа иштирокидаги XII Осиё чемпионати шу йилнинг 18–28 ноябрь кунлари Таиландда ўтказилади.
Т.Рўзиев, ЎзА