“Соҳил бўйи” ҳудуднинг ҳақиқий гавҳарига айланди
Инсон саломатлиги, кайфияти ва турмуш сифати кўп жиҳатдан уни ўраб турган муҳитга боғлиқ. Шу боис юртимизда аҳоли учун экологик тоза, замонавий ва барча қулайликларга эга дам олиш масканларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай лойиҳалар нафақат шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартиради, балки инсонларни табиат бағрида мазмунли ҳордиқ чиқаришга, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Бухоро вилоятининг Олот туманида ана шундай эзгу мақсадлар рўёбга чиқди. Туман ҳудудидан оқиб ўтувчи “Аму–Қоракўл” канали соҳилида қад ростлаган замонавий “Соҳил бўйи” дам олиш маскани қисқа вақт ичида аҳолининг энг севимли ва гавжум ҳордиқ чиқариш манзилларидан бирига айланди.
Умумий қиймати 8 миллиард 510 миллион сўм бўлган мазкур лойиҳа доирасида ҳудуд тўлиқ қайта қурилиб, замонавий инфратузилма асосида ободонлаштирилди. Илгари оддий соҳил ҳудуди бўлган маскан бугунги кунда оилавий дам олиш, сайр қилиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун барча имкониятларга эга замонавий боғга айланди.

Лойиҳа доирасида канал ўзани бетонлаштирилиб, унинг атрофида кенг ва қулай пиёдалар йўлаклари барпо этилди. Дам олувчилар учун замонавий бесеткалар ўрнатилди, хавфсизликни таъминлаш мақсадида канал бўйи махсус ҳимоя тўсиқлари билан жиҳозланди. Кечки пайтларда ҳудуднинг янада жозибадор қиёфа касб этиши учун декоратив ёритиш тизими ўрнатилди.
Шунингдек, кичкинтойлар учун хавфсиз ва замонавий ўйин майдончалари барпо қилиниб, оилаларнинг биргаликда мазмунли вақт ўтказиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Кўкаламзорлаштириш ишлари, манзарали ҳудудлар ва шинам муҳит ушбу масканга ўзига хос файз бағишлаб, уни туманнинг энг кўркам гўшаларидан бирига айлантирди.
Бугун “Соҳил бўйи” нафақат дам олиш маскани, балки Олот туманининг янги қиёфасини намоён этувчи, аҳолининг кайфияти ва ҳаёт сифатига ижобий таъсир кўрсатувчи муҳим ижтимоий лойиҳалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бу ерга ҳар куни юзлаб фуқаролар, ёшлар ва оилалар ташриф буюриб, табиат бағрида мароқли ҳордиқ чиқармоқда.

“Соҳил бўйи” дам олиш маскани — бу шунчаки ободонлаштирилган ҳудуд эмас. У инсон манфаати, экологик барқарорлик ва замонавий шаҳарсозлик ёндашувларининг уйғунлигини акс эттирувчи йирик лойиҳадир. Бундай масканлар аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, ички туризмни ривожлантириш ҳамда ҳудудларнинг инвестициявий ва ижтимоий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Олотда қад ростлаган “Соҳил бўйи” бугун ўз номи каби соҳилга ҳаёт, гўзаллик ва файз бағишлаб, юрт ободлиги йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар самарасининг ёрқин ифодасига айланди. Ушбу масканга ташриф буюрган ҳар бир инсон бу ердаги янгиланишлар кўлами, замонавий муҳит ва яратилган шароитларни кўриб, Янги Ўзбекистонда инсон қадри ҳақиқатан ҳам энг олий қадриятга айланаётганини яна бир бор ҳис этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири