Соғлом турмуш тарзи – бугунги давр талаби
Муносабат
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси 67-мақсадида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланадиган фуқаролар сонини ошириш кўзда тутилган. Бугун ана шу мақсад йўлида жиддий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур тадбирлар Президентимизнинг 1 апрель куни ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказган йиғилишида белгиланган вазифалар билан янада қизғин тус олди.
Стратегияда келгуси беш йилликда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли улушини 33 фоизга етказиш, ёшлар ўртасида миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини оммалаштириш, шунингдек, халқаро ва миллий олимпиада спорт ўйинларини ўтказиш мақсад қилинган.
Бу йўналишда бизнинг университет, хусусан, Халқаро кураш турлари назарияси ва услубияти кафедраси ҳам бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Бунда, албатта, Олимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир белгиланган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда жисмоний тарбия билан шуғулланиш учун кенг шароитлар яратилмоқда. Жумладан, сўнгги уч йилда 118 та спорт мажмуаси, 7 мингта спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда 3 минг 500 та мини-футбол, 6 мингта баскетбол, волейбол, 663 та бадминтон майдонлари, мингдан ортиқ фитнес заллари мавжуд. Ҳар бир туман ва шаҳар марказларида “Саломатлик йўлаклари” ва велосипед йўллари ташкил этилди.
Мана шу рақамларнинг ўзи ҳам мамлакатда спорт тобора оммалашиб бораётганидан далолат.
Бугун ҳар бир маҳаллада пиёдалар ва велосипедчилар учун махсус йўлаклар, болалар спорт майдончалари қурилганига гувоҳмиз. Биргина саломатлик йўлакларининг ҳаётимизда тутган ўрни ҳам ниҳоятда муҳим. Бундан тўрт-беш йил аввал тонгда туриб югуриш учун қулай муҳит, зарур шароит йўқ эди. Велосипедда сайр қилиш учун эса хавфсиз, тинч жой тополмас эдик.
Сир эмас, жаҳонда COVID-19 коронавирус пандемиясининг юзага келиши дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолининг соғлиғи, соғлом ҳаёт кечириш даражаси заиф эканлигини кўрсатди. Бу инфекция, аввало, юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари ҳамда семизлик касаллигига чалинган фуқароларимиз соғлиғига салбий таъсир кўрсатади. Натижада пандемия кўплаб фуқароларнинг дунёдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлди.
Барчамиз бундан жиддий хулоса қилган ҳолда зарарли одатлардан воз кечиб, оммавий спорт билан доимий шуғулланиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиш, хусусан, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини меъёридан ортиқ истеъмол қилмаслик, бир сўз билан айтганда, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётимизга айлантириш зарур эканини бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда, кафедрамиз профессор-ўқитувчилари талабалар билан ишлашда ҳаётий ёндашувларни ўргатишга интилмоқда. Бу ҳам ҳаётда соғлом бўлиш, келажакда битирувчиларимиз бўлажак чемпионларни муносиб тарбиялашга хизмат қилади.
Мамлакат келажаги, барча соҳалар ва лойиҳалар муваффақияти билимли, замонавий фикрлайдиган, ўз соҳасининг устаси бўлган инсонларга боғлиқ. Шу боис мамлакатимизда айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Албатта, бизнинг фаолиятимиз бевосита халқ таълими тизими билан боғлиқ. Шу маънода, Президентимиз жорий йил 5 апрель куни халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлили юзасидан ўтказган йиғилишда тизим фаолиятини янада жонлантириш борасида ғоят муҳим ташаббусларни илгари сурди. Энди биз ҳам ушбу вазифалар ижросига киришамиз. Шу мақсадда ўзимиз учун муҳим йўналишларни белгилаб олдик.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда бошланган таълим, спорт ва илм-фан йўналишидаги ислоҳотлар эртага минг ҳисса самарали бўлиб қайтиши шубҳасиз.
Шуҳрат АРСЛОНОВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт
университети Халқаро кураш турлари
назарияси ва услубияти кафедраси мудири.
ЎзА