Соғлом авлод учун овоз бердим
Жонажон Ватанимиз, унинг гуллар диёри бўлмиш Наманган шуҳратини оширишга ҳисса қўшаётган фидойи юртдошларимиз сафида Ўзбекистон Қаҳрамони, ўз меҳнати билан донг таратган моҳир шифокор, кўпчиликка ўрнак ва намуна бўлиб келаётган Ойшахон Қўчқорова парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатлиги учун сайловда иштирок этиш учун Наманган шаҳридаги 23-сайлов участкасига оила аъзолари билан бирга ташриф буюрди.
Тиббиёт соҳасида узоқ йиллик катта ҳаётий тажрибага эга бўлган Ойшахон Қўчқорова салкам ярим асрлик иш фаолияти давомида Наманган шаҳар туғруқ мажмуаси ва вилоят марказий туғруқхонасида (Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали) фидокорона меҳнат қилди.


– Бугун ҳар бир фуқаронинг танлови Янги Ўзбекистонимизнинг эртанги фаровон турмушини таъминлашга ҳисса қўшиши керак, – дейди Ойшахон Қўчқорова. – Сайлов участкасига келиб, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимизни янада ривож топиши, оналик ва болаликни муҳофазаси учун қайғурадиган, ўзим муносиб кўрган номзодларга овоз бердим. Барча юртдошларимиз, ҳамкасбларимиз, нуронийлар ва маҳалла фаолларини сайловда конституциявий ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланган ҳолда, фаолликка чорлайман.


Участка сайлов комиссияси раиси Ривожиддин Турсуновнинг маълум қилишича, Наманган хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми биносида жойлашган 23-сайлов участкасида 2773 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Шундан 70 ёшдан ошган отахон, онахонлар сони 87 нафарни ташкил этади. Ушбу фахрийлар сайлов жараёнларида фаоллик кўрсатаётганликларини таъкидлаш жоиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.