Соғлиқни сақлашдаги ҳамкорлик
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида катта ютуқларга эришилмоқда. Бунда хорижий етакчи клиникалар билан ҳамкорликни такомиллаштириш борасидаги режалар ўз самарасини бермоқда.
Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали директори М.Ражабов таклифига мувофиқ, Россия Федерацияси Москва шаҳридаги Н.Н.Приоров номидаги травматология ва ортопедия илмий текшириш институти профессори Акшин Багиров Бухорога ташриф буюрди.

Профессор А.Багиров иштирокида травматолог мутахассислар билан 70 дан зиёд беморлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Филиал мутахассислари билан “Маҳорат дарси” доирасида операция жараёнлари амалиёти олиб борилмоқда.

Шунингдек, профессор А.Багиров филиалда травматология йўналишида илмий изланиш олиб бораётган ёш олим-мутахассислар билан суҳбат ўтказди. Уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Травматолог мутахассислар ўртасида кам инвазив юқори технологияли травматологик ва ортопедик операцияларни жорий қилиш хусусида маърузалар ўқиди. Шу билан бир қаторда таянч-ҳаракатланиш касалликлари асорати натижасида келиб чиқаётган ҳолатларни олдини олиш, диагностика қилишда замонавий МСКТ ва МРТ текширувидан самарали фойдаланиш ҳамда касалликларни юқори технологик усулда даволаш ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири