Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарув ходимлари учун янги меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби жорий этилади
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарув ходимларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.
Унга кўра:
вазирлик марказий аппарати ходимларига — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги марказий аппарати ходимлари;
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармалари ходимларига — агентликнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари;
туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ходимларига — “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ходимлари;
Клиник аудит инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларига — Ижтимоий инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари;
Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази ходимларига — Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари ва иш ҳақи миқдорлари қўлланилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида:
Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти негизида Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази;
юридик шахс мақомига эга бўлган Клиник аудит инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси шаклида Контент медиамаркази ташкил этилади.
Ҳужжат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотларнинг Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг штат бирликлари сони тасдиқланди:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати – 298 та (шу жумладан, 1 та вазирнинг биринчи ўринбосари ва 5 та вазир ўринбосари);
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси – 68 та;
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги – 42 та;
Клиник аудит инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари – 128 та;
Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази – 30 та;
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармалари жами – 602 та, туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари – 18 тадан.
Бунда соҳа учун қўшимча ажратиладиган штат бирликлари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси тизимидаги ташкилотлардан 880 та штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан шакллантирилади.
“Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси давлат муассасасининг фаолияти тугатилади.
ЎзА