Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда
Мамлакатимизда Ўзбекистон – Татаристон соғлиқни сақлаш кунлари муносабати билан жойларда учрашувлар ўтказилди. Шундай тадбирлардан бири Зоминда ташкил этилди.
Татаристон соғлиқни сақлаш вазири Марсель Миннуллин, шунингдек, икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳаси масъуллари, Татаристоннинг етакчи хусусий тиббиёт марказлари ҳамда йирик фармацевтика корхоналари вакиллари, республикамиздаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, тиббий олий таълим муассасалари, ҳудудий тиббиёт масканлари раҳбарлари иштирок этган учрашувда Ўзбекистон ва Татаристон халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалиши, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган кўп қиррали муносабатлар, хусусан, тиббиёт соҳасидаги манфаатли алоқалар охирги йилларда жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Анжуманда Татаристон соғлиқни сақлаш вазири, шифокорлар сўзга чиқиб, ўзаро ҳамкорлик натижасида икки мамлакат тиббиёт соҳасида улкан натижаларга эришаётганини алоҳида қайд этиб ўтди.
[gallery-14709]
Меҳмонлар Ўзбекистон тиббиётидаги трансформация жараёнлари билан танишиб, жойларда аҳоли учун тиббий кўриклар, маҳаллий шифокорлар учун маҳорат дарслари, семинарлар ташкил этилди. Татаристоннинг етакчи тиббиёт марказларида ишловчи энг моҳир мутахассислар, кардиология, урология, гинекология, онкология, офтальмология, травматология, педиатрия каби йўналишлар бўйича юқори малакали профессор-олимлар мамлакатимизда Ўзбекистон – Татаристон соғлиқни сақлаш кунлари доирасида юртимиздаги ҳамкасблари билан ўзаро билим ва тажриба алмашди.
Тадбирда юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасини трансформация қилиш, тиббий таълимни такомиллаштириш ҳамда фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Айни пайтда бу борада амалий ишлар бошлаб юборилган бўлиб, акция доирасида Жиззах вилояти тиббиёт муассасалари ҳамда Татаристоннинг етакчи клиникалари, ихтисослаштирилган марказлари ва тиббиёт олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатилди.
Бундан ташқари, тадбир доирасида Жиззах вилоят перинатал маркази ҳамда вилоятда барпо этилаётган замонавий кўп тармоқли тиббиёт маркази бошқарув тизимида татаристонлик малакали мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинларида меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари учун Татаристоннинг нуфузли клиникаларида қисқа ва узоқ муддатли стажировкалар ва малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари