Соғиниб кутганим, хуш келдинг баҳор!
Бутун борлиқни яшилликка буркаш ниятида қадам қўйган фасллар келинчаги баҳор нафаси қиру адирлар, боғу роғларда бўй кўрсатиб, қалбларга ажиб илиқлик, баҳорга хос хушкайфият улашмоқда.
Табиат қиш уйқусидан уйғониб, секин-аста жонланаётган дов-дарахтларнинг гуллари ифоридан сархуш ариларнинг ғўнғиллаши ҳам кишига ўзгача завқ беради.
[gallery-5957]
Табиат ўзгаришларига ҳамоҳанг тарзда одамлар кўклам юмушларини бошлаб юборишган. Баҳорнинг илк кунларидан жойларда халқимизнинг эзгу анъаналарига монанд баҳор байрамларига тараддуд бошланади. Нурободнинг Жом қишлоғи маҳаллалари фаоллари, 2-сон Жом маданият маркази ходимлари ҳам қийғос гуллаган бодомзорда халқона лапарлар, миллий куй-қўшиқлар билан байрамга ҳозирликни бошлашди. Барчанинг қалбида осойишта юртда ҳаёт кечираётганлигига шукроналик, унинг бардавомлигига, тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдек эзгу мақсадлар мужассам.
Алишер ИСРОИЛОВ, ЎзА