“Сўғдиёна”ни майдонга янги бош мураббий бошлаб чиқди
Куни кеча футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигаси 25-туридан ўрин олган 7 та баҳс бўлиб ўтди.
Жиззахда “Сўғдиёна”ни Тошкентнинг “Локомотив” жамоасига қарши бош мураббий сифатида Ёрқин Назаров бошлаб чиқди. Мамлакат чемпионати якунига етишига 2 тур қолганида яна бир жамоада бош мураббий ўзгарди.
“Сўғдиёна” жамоасини 4 йил давомида бошқариб келаётган Улуғбек Бақоев клубни тарк этди. Ёрқин Назаров бош мураббий сифатида мавсумни якунлаб қўядиган бўлди.

Бу истеъфо “Сўғдиёна”нинг сўнгги пайтлардаги қониқарсиз натижалари туфайли амалга оширилган бўлса ажаб эмас. Жиззахликлар жамоасини суперлигада қолиш учун кураш олиб бориб юрган жамоадан чемпионлик учун баҳслашадиган клубга айланишида Улуғбек Бақоевнинг ҳиссаси катта эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.
2019 йилги мамлакат чемпионатининг бошланиши “Сўғдиёна” учун ўта омадсиз келди. Клуб қатор муваффақиятсизлардан сўнг турнир жадвалида сўнгги ўринга тушиб кетди. Шундан сўнг, клуб раҳбарияти бош мураббий Сергей Лушанни истеъфога чиқариб, жамоа бошқарувига Улуғбек Бақоевни олиб келди. Ўша 2019 йилги мавсумни сўнги ўриндан бошлаган “Сўғдиёна” чемпионатни 4-ўрин билан якунлади.

2020 йилда “Сўғдиёна” – жамоа сифатида шаклланишни бошлади ва бутун мавсум давомида кўплаб грандларга бош оғриғи бўлди. 2021 йилги мавсумда эса “Сўғдиёна”нинг ўзи гранд жамоалар қаторига қўшилди. Мавсум сўнгигача Қаршининг “Насаф” ва Олмалиқнинг АГМК сингари етакчи жамоалари билан 2-ўрин учун курашди ва якунда чемпионатимизнинг “кумуш” медаллари билан тақдирланиб, вице-чемпионликни қўлга киритди.

Улуғбек Бақоев бош мураббийлигида “Сўғдиёна” жорий йилги чемпионатни ҳам омадли бошлади. Клуб суперлигада пешқадамлар орасида, кубокда фоваридлардан бири, АФК кубоги мусобақасида эса ярим финалгача мағлуб бўлмай келаётган эди. Бироқ Малайзия жамоасига қарши баҳсдан сўнг, “Сўғдиёна” Ўзбекистон кубогидан ҳам чиқиб кетди. Чемпионатидаги ўйинлари ҳам қовушмай, жамоа мағлубият ва дуранглар кўчасидан чиқмай қолди.

Ўртамиёнадан ҳам паст “Сўғдиёна” клубини Улуғбек Бақоев унчалик катта бўлмаган маблағ эвазига ва юлдуз футболчиларсиз Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаларидан бирига айлантира олди. Бунинг учун жиззахлик мухлислар Улуғбек Бақоевдан миннатдор бўлишлари лозим.
Унинг ўрнига бош мураббий бўлган Ёрқин Назаров 1-баҳсни суперлигада жон сақлаб қолиш учун жон-жаҳди билан кураш олиб бораётган “Локомотив”га қарши ўтказди.

Ушбу баҳс “Сўғдиёна” учун жуда омадсиз бошланди. Ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ “Локомотив”нинг хорижлик легионери Жером Этаме жиззахликлар дарвозасини ишғол этиб, ҳисобни очди – 0:1. Орадан 5 дақиқа ўтар-ўтмай, “Сўғдиёна” тўп урари Шохруз Норхонов ўртадаги фарқни йўққа чиқарди – 1:1.

Беллашувнинг 21-дақиқасида жиззахликлар сардори ва энг ёш футболчиси Жасур Ҳасанов ажойиб зарбаси билан тошкентликлар дарвозабони Абдумавлон Абдужалилов дарвозасини ишғол этиб, ҳисобни 2:1 га етказди.
Жамоалар танаффусга чиқиб кетишларига 5 дақиқа қолганида “Локомотив” футболчиси Жалолиддин Жумабоев ўртадаги ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди – 2:2.

2-бўлимда жамоалар ҳарчанд уринишмасин, бошқа гол кирита олмади. Шундай қилиб, “Сўғдиёна” – “Локомотив” якуний ҳисоб 2:2.
“Сўғдиёна”нинг янги тайинланган бош мураббийи Ёрқин Назаров ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.
– Чиройли ўйин бўлди. “Локомотив” жамоаси худди яраланган шер каби майдонда борларини бериб ўйнади. Жамоамиз футболчилари йил давомида учта фронтда кураш олиб борди. ОФК кубоги ва Ўзбекистон кубогида ярим финалга етиб борди, чемпионатда ҳам охиригача курашди. Шу боис йигитлар чарчаб қолгани сезилди. Бугунги дуранг натижа ўйинга мос бўлди, – деди Ёрқин Назаров.

25-турга қадар турнир жадвалида якка пешқадам бўлиб турган Қаршининг “Насаф” жамоаси кутилмаганда ўз майдонида Фарғонанинг “Нефтчи”сига 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди ва чемпионлик учун бўлган баҳсдаги имкониятларини пасайтириб юборди.
Бундан унумли фойдаланган Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси Навоийнинг “Қизилқум”ини йирик 6:0 ҳисобида тор-мор этиб, турнир жадвали карвонбошисига айланган бўлса, Наманганнинг “Навбаҳор” клуби Бекободда “Металлург” устидан кичик 1:0 ҳисобида зафар қучиб, 2-поғонага кўтарилиб олди.
Ушбу 25-турнинг қолган учрашувларида қуйидаги натижалар қайд этилди: АГМК (Олмалиқ) – “Олимпик” (Тошкент) – 6:0, “Қўқон-1912” (Қўқон) – “Бунёдкор” (Тошкент) – 0:1, “Сурхон” (Термиз) – “Динамо” (Самарқанд) – 1:4.
Суперлига чемпионлиги ва уни “Динамо” билан биргаликда тарк этадиган 2-жамоанинг номи 12 ноябрь куни ўтадиган сўнги 26-тур баҳсларида маълум бўлади.
А.ҚАЮМОВ,
ЎзА