Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати якунига етишига 3 тур қолганида Қаршининг “Насаф” жамоаси Тошкентда “Локомотив”ни 0:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, қолган тур натижаларидан қатъий назар, Қашқадарё футболи тарихида илк бор чемпионлик масаласини ҳал этди.
Иккинчи ва учинчи ўрин, яъни кумуш ва бронза медаллари масаласи учун баҳслар ҳали давом этмоқда. Куни кеча 23-тур доирасида айнан ана шу 2 медалдан бирига даъвогар бўлиб турган Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси Термизнинг “Сурхон” клубини қабул қилиб, бу имкониятни қўлдан чиқарган бўлса, ажаб эмас.
Ўйин кутилганидек майдон эгаларининг устунлигида бошланди. Бу устунлик ўйиннинг 9-дақиқасидаёқ ҳисобда ўз аксини топди. “Сўғдиёна”нинг сербиялик легионери Владимир Йовович македониялик жамоадоши Люпчо Дориев узатмасини ажойиб зарба билан рақиб дарвозаси бурчагига жойлаб қўйди – 1:0.
Ҳисобда ортда қолаётган “Сурхон” ҳужумга ташланган бўлса, майдон эгалари қарши ҳужум тактикасини қўллади. Ана шундай қарши ҳужумларнинг бирида, биринчи гол киритилгандан унчалик ҳам кўп вақт ўтмай, мезбонларнинг легионер футболчиси Люпчо Дориев иккинчи голни киритди. Аммо VAR вазиятни кўриб чиқиб,гол ўйиндан ташқари ҳолатда киритилгани учун уни инобатга олмади.
23-дақиқада жиззахликлар тўпурари, ўша тиниб- тинчимас Люпчо Дориев барибир гол уруш қобилиятини ҳали йўқотмаганини намойиш этди. Август ойидан буён гол кирита олмай келаётган Люпчо жамоадоши Владимир Йововичнинг узатмасидан сўнг ҳисобдаги фарқни яна биттага оширди – 2:0.Ана шу ҳисоб билан жамоалар танаффусга чиқиб кетди.
Танаффусда “Сурхон” бош мураббийи Февзи Давлетов шогирдларини мезбонлардан кам эмаслигига тўла ишонтириб, руҳан тайёрлаб чиқа олганини меҳмонлар майдонда исботлай олди. Сурхондарёлик футболчиларнинг ҳужумида шиддат, тезкорлик, тўпга эгалик қилиш ва рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятларни уюштиришлар сони борган сари ортиб борди. Меҳмонларнинг бундай ўйини майдон эгаларининг мураббийлар штабига(бош мураббий Иван Бошкович 22-турда “Бунёдкор”га қарши ўйинда қизил карточка олиб, майдондан четлатилган эди) огоҳ қўнғироғи бўлиши лозим эди. Аммо буни назаримда, улар ҳис қила билмади. Натижада...
Ҳаммаси “Сўғдиёна” жамоаси таркибида энг фаол бўлиб турган Владимир Йововичнинг 60-дақиқада Самандар Синдаров билан алмаштирилишидан кейин бошланди.
“Сурхон” бош мураббийи Февзи Давлетовнинг жорий мавсумдаги кашф этган ёш иқтидорли футболчиси Абдуғафур Ҳайдаров ушбу баҳсда катта саҳнага чиқиб, Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзодликка лойиқ эканини кўрсатди.
Абдуғаффор 62-дақиқада ҳисобни қисқартирган бўлса (2:1), 67-дақиқада ўртадаги фарқни йўққа чиқарди (2:2) ва 77-дақиқада ўзининг учинчи голини киритиб (2:3), “хет-трик” қайд этди. 82-дақиқада сурхондарёлик Жаҳонгир Абдусаломовнинг киритган голи (2:4) эса совуқ ҳавода “Сўғдиёна”нинг ашаддий мухлислари устидан совуқ сувни қуйиб юборгандек бўлди.
Ёдингизда бўлса, Жиззахда Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасидан қабул қилиб олинган (0:1) мағлубиятдан сўнг, “Сўғдиёна” жамоаси аъзоларида моддий ва руҳий муаммолар борга ўхшаётгани ҳақида ва клуб маъмурияти бу муаммога жиддий чоралар кўрмаса, жамоа жорий мавсум ҳам медалларсиз қолиб кетиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик. Лекин ана ўша муаммо тўлалигича бартараф этилмаган кўринади. Акс ҳолда 3-4 тур аввал чемпионликка, 2 тур муқаддам кумуш медалларга даъвогр бўлиб турган жамоанинг борган сари ўйинлари ёмонлашиб, бу мавсум медалларсиз қолиб кетиши ойдинлашиб қолмаган бўларди.
Чунки “Сўғдиёна” кейинги баҳсни Қаршида Ўзбекистоннинг жорий мавсумдаги янги чемпиони “Насаф” билан, 25-турни Жиззахда суперлигада жон сақлаш учун курашаётган Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси билан ва сўнгги турни эса Самарқандда ажойиб жамоани шакллантира олган Вадим Абрамовнинг “Динамо”си билан ўтказишини ҳисобга олсак, энди жиззахликлар медаллар ҳақида орзу қилмасалар ҳам бўлади. Футбол башоратчилари “Сўғдиёна” бу турлардан атига 1 очко ишлай олиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
Ушбу турда Андижоннинг “Андижон” жамоасини Тошкентда 3:1 ҳисобида енгган “Пахтакор” мавсум тугашига 3 тур қолганда “Сўғдиёна”дан учинчи ўринни тортиб олди. Пойтахт клуби бу мавсум чемпионликсиз ва кубоксиз қолди.Бундан буёғига “Пахтакор”чилар нафақат бронза, балки кумуш медаль учун ҳам курашга чоғланиши, шубҳасиз. Лекин тошкентликларнинг кумуш медални олишига Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги Олмалиқнинг ОКМК жамоаси ҳам индамай “қўл қовуштириб” қараб турмаса керак. Тажрибали футбол мухлиси сифатида, менинг фикримча, “Сўғдиёна” жорий мавсум ўзининг оғзидаги тайёр ошини олдириб қўйиб бўлди. Тўғри, бу футбол, яъни майдон текис, тўп думалоқ. Футболда эса ҳамма нарса бўлиши мумкин.
“Сўғдиёна” – “Сурхон” ўйини якуни –2:4. Футбол ишқибозлари Жиззахда “Сурхон”ча “мега комбек”нинг гувоҳи бўлди.
Бугун “Олимпик” (Тошкент) – “Навбаҳор” (Наманган), “Қизилқум” (Навоий) – “Динамо” (Самарқанд), эртага “Нефтчи” (Фарғона) – “Бунёдкор” (Тошкент) ва “Металлург” (Бекобод) – ОКМК (Олмалиқ) жамоалари баҳси билан 23-турга якун ясалади.
А.Қаюмов, ЎзА