“Сўғдиёна” академияси тарбияланувчилари – Ўзбекистон чемпиони
Жиззах шаҳри мамлакат ёшлар футболидаги энг муҳим баҳслардан бирига мезбонлик қилди. Футбол академиялари ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатининг U-15 ёш тоифасида ўтказилган финал учрашувида Жиззахнинг “Сўғдиёна” академияси тарбияланувчилари Қаршининг кучли ва анъанавий футбол мактабларидан бири ҳисобланган “Насаф” академияси жамоасига қарши майдонга тушди.
Муросасиз ва кескин курашларга бой кечган финалда ҳар икки жамоа ғалаба учун охиригача ҳаракат қилди. Асосий вақт давомида дарвозалар тўрт бор ишғол қилиниб, таблода 2:2 ҳисоби қайд этилди. Учрашув тақдирини эса пеналтилар серияси ҳал қилди. Руҳий босим юқори бўлган ушбу синовда жиззахлик ёшлар мустаҳкам ирода ва юксак маҳоратларини намоён этишиб, қаршилик тенгқурларини пеналтилар сериясида 5:3 ҳисобида мағлубиятга учратишди ва Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлишди.

Шубҳасиз, “Сўғдиёна” академияси тарбияланувчилари қўлга киритган ушбу тарихий зафар Жиззах футболи солномасида ёрқин саҳифа сифатида муҳрланади. Энди мамлакат чемпиони деган юксак ном ёш футболчилар зиммасига янада катта масъулият юклайди. Чунки бу ғалаба — катта футбол сари ташланган ишончли қадамдир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА