Соғлом турмуш тарзи йўлида
«Ўзэкспомарказ»да «Sport World Uzbekistan – 2015» спорт ускуналари, анжомлари ва кийимлари ҳамда «Болалик дунёси – 2015» болалар ва ўсмирлар учун товар ва хизматлар халқаро ихтисослаштирилган кўргазмалар очилди.
«Ўзэкспомарказ»да «Sport World Uzbekistan – 2015» спорт ускуналари, анжомлари ва кийимлари ҳамда «Болалик дунёси – 2015» болалар ва ўсмирлар учун товар ва хизматлар халқаро ихтисослаштирилган кўргазмалар очилди.Кўргазмалар Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси кўмагида «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазма компанияси томонидан ўтказилмоқда.
Ўзбекистон спорт мамлакати экани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонунига мувофиқ жисмоний тарбиянинг узлуксизлиги ва давомийлиги турмуш тарзи нормаси сифатида белгиланди ва мазкур қонун яқинда янги таҳрирда қабул қилинди. Бунинг самарасида 2002 йил Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди, жисмоний камолотга эришишнинг уч босқичли ноёб тизими – мактаб ўқувчиларининг «Умид ниҳоллари», касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчиларининг «Баркамол авлод» ва талабалар Универсиадаси спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда.
Спорт билан шуғулланиш учун қулай шароитлар яратилаётгани, жумладан, спорт объектларининг моддий-техник базаси тобора мустаҳкамланиб бораётгани натижасида болаларнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириш, яъни жисмонан ва маънан соғлом авлодни тарбиялашга эришилмоқда. Ўтган вақт давомида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 1700 дан ортиқ спорт объектлари бунёд этилди ва бу спортнинг оммавийлигини муттасил оширишга хизмат қилмоқда. Бугун 2 миллиондан ортиқ ўғил-қиз спортнинг 30 тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Битта спорт иншоотидан бир кунда ўртача фойдаланиш вақти 9,8 соатни ташкил қилаётир.
Болалар спорти объектлари асосан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий инвентарь ва ускуналар билан жиҳозланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Айни пайтда 120 турдаги спорт инвентари ва ускунасининг 116 таси мамлакатимиз корхоналарида тайёрланмоқда. Уларнинг аксарияти ихтисослаштирилган «Sport World Uzbekistan – 2015» спорт ускуналари, анжомлари ва кийимлари халқаро кўргазмасида намойиш этилмоқда.
Жорий йилда кўргазмада ўттиздан ортиқ экспонент ўз маҳсулотларини «Спорт инвентари», «Спорт ускуналари», «Спорт тренажёрлари», «Спорт хизматлари ва фитнес», «Соғлом овқатланиш» каби турли бўлимларда намойиш этмоқда.
Тренажёр заллари ва спорт мажмуалари учун ускуналар ишлаб чиқарадиган «Alpha Sport Technology» масъулияти чекланган жамияти стенди алоҳида ажралиб турибди. Корхонада тайёрланаётган ўриндиқлар, тренажёрлар, гантеллар ва бошқа кўплаб маҳсулотларга талаб катта.
– Айни пайтда 100 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз, – дейди «Alpha Sport Technology» масъулияти чекланган жамияти бош директори Константин Гржандо. – Бунда асосан маҳаллий хомашё ва материаллардан фойдаланилмоқда. Соғломлаштириш клублари ва тренажёр заллари асосий буюртмачиларимиздир. Маҳсулотларимиз турини кўпайтириш ва ҳамкорларимиз сафини янада кенгайтириш устида мунтазам изланиш олиб бормоқдамиз.
«Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси корхоналари стенди иштирокчилар эътиборини жалб этмоқда. Бу ерда спорт инвентари ишлаб чиқарадиган ўндан ортиқ корхона маҳсулотлари намойиш қилинмоқда. «Ўз Донг Янг» қўшма корхонаси баландликка сакраш мосламалари, спорт сумкалари, машқ манекенлари ва бокс анжомлари, «Ўз Коже» масъулияти чекланган жамияти футбол, гандбол, стол тенниси ва катта теннис тўрлари, «Ўз Минда» масъулияти чекланган жамияти эса секундомерлар, шахмат соатлари, ҳисоб ва вақт таблоси, спорт тренажёрлари тўплами ва бошқа товарларни тақдим этмоқда.
Экспонентлар орасида футбол тўплари, бокс қопи ва қўлқопи, шлем, полвонлар кийими ишлаб чиқарадиган «Mini Teks» кичик корхонаси ҳам бор.
– Корхонамиз ўтган йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда, – дейди Андижон вилоятидаги «Mini Teks» кичик корхонаси бош технологи Лазизбек Багиров. – Дастлаб 14 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда уларнинг сони ўттизтага етди. Корхонамиз Маҳаллийлаштириш дастурига киритилгандан сўнг ISO 9001 сифат менежментини жорий қилдик ва яна 11 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштирмоқдамиз.
«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти корхоналари ҳам кўргазмада фаол иштирок этмоқда. «Uztex» компаниялари гуруҳига кирадиган «Eurotex Global», «Amin Invest International», «Textile Mill Tashkent» қўшма корхоналари, «Prima Textile» ва «Bultex Eurostar» хорижий корхоналари, «Tailor Impex» масъулияти чекланган жамияти, «Барчиной» хусусий корхонаси ва бошқалар шулар жумласидан. Улар томонидан таклиф этилаётган спорт либослари, бежирим дизайнга эга болалар кийимлари, турли футболкалар, пайпоқ ва бошқа маҳсулотлар иштирокчилар диққатини тортмоқда.
«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти маълумотларига кўра, яқин келажакда болалар ва катталар спорт кийимларини ишлаб чиқариш ҳажми кенгайиши кутилмоқда. Чунончи, болалар спорти учун маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган янги корхоналарни барпо этиш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилиш кўзда тутилмоқда. Масалан, 2016 йилда «Барчиной» хусусий корхонаси, «Lens Textile Invest» ва «Боғи Баҳор текстиль» масъулияти чекланган жамиятларида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш режалаштирилган.
«Sport World Uzbekistan – 2015» билан бир майдонда «Болалик дунёси – 2015» кўргазмаси ҳам очилди. Ушбу кўргазмада нафақат болалар учун мўлжалланган товарлар билан танишиш, балки битимлар тузиш, болалар саломатлиги, тарбияси ва таълими хусусида муҳим маълумотларга эга бўлиш мумкин.
Кўргазма иштирокчилари кўлами ушбу тадбирнинг нақадар муҳим эканидан далолат беради. Ҳар йили юзлаб иштирокчилар бу ерда болаларнинг бежирим либослари, мактаб анжомлари, трансформер столлар ва бош маҳсулотларни харид қилмоқда, етакчи мутахассислардан бепул маслаҳат олиш имконига эга бўлмоқда. Болажонлар эса улар учун ташкил этилган маҳорат сабоқлари ва қизиқарли кўнгилочар дастурларда иштирок этмоқда.
«Rosti Rasti Baraka» ва «Polimer Plastik» масъулияти чекланган жамиятлари, «Uz-Korea Medical» қўшма корхонаси, «Томат Group» иқтидорли ёшлар ижодий бирлашмаси ва бошқа компаниялар кўргазмада фаол иштирок этмоқда.
Мухтасар айтганда, «Sport World Uzbekistan – 2015» спорт ускуналари, анжомлари ва кийимлари ҳамда «Болалик дунёси – 2015» болалар ва ўсмирлар учун товар ва хизматлар халқаро ихтисослаштирилган кўргазмалар аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмирларни соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш, баркамол авлодни тарбиялашга доир илғор ишланмалар билан таништиришга хизмат қилади.