Соҳибахон Андижоннинг энг ишбилармон аёли
Андижонда “Ишбилармон аёл – 2020” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Андижонда “Ишбилармон аёл – 2020” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Андижон шаҳридаги “Карвонсарой” меҳмонхонасида ўтказилган тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Андижон вилояти кенгаши томонидан “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”га бағишланиб, қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда тадбиркор, фермер ҳамда ҳунарманд хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар ишбилармон аёлнинг фаолияти, тақдим этган ҳужжатлари кўриб чиқилди.
Якуний натижаларга кўра, белгиланган шартлар асосида энг юқори баҳо олган Балиқчи туманидаги “Коинот” фермер хўжалиги раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳибаси Соҳибахон Худайбердиева ғолиб деб топилиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Мен каби кўплаб тадбиркор опа-сингилларимизга рағбат бераётган ушбу танловда ғолиб бўлганлигимдан беҳад мамнунман, – дейди танлов ғолибаси С. Худойбердиева. – Энг аввало, мазкур танлов фаол ва тадбиркор аёллар фаолияти, уларнинг илғор тажриба ва иш услублари билан танишиш имконини берди. Бу келгусидаги фаолиятимизни янада самарали олиб боришга ёрдам беради. Қолаверса, ғолиблик менга масъулият юклайди, янада шижоат билан меҳнат қилишга ундайди.
Танловда иккинчи ўрин жалақудуқлик ҳунарманд, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш маркази раҳбари Одинахон Юсупова ҳамда Пахтаобод туманида асаларичилик билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркор Олмахон Ҳусановага, 3-ўрин шаҳрихонлик, дўппи тикувчи ҳунарманд Ҳавасой Турсунбоевага насиб этди. Шунингдек, танловда қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
