Сизнинг жасоратингиз бизларга ибрат
Орадан шунча йил ўтган бўлса-да, Иккинчи жаҳон уруши туфайли бошига тушган аччиқ қисматни халқимиз чуқур қайғу билан эслайди.
Ғалабанинг 75 йиллигига
Орадан шунча йил ўтган бўлса-да, Иккинчи жаҳон уруши туфайли бошига тушган аччиқ қисматни халқимиз чуқур қайғу билан эслайди. Негаки, юртимизда ундан жабр кўрмаган бирорта хонадоннинг ўзи йўқ.
Президентимизнинг жорий йил 30 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони бугунги дориломон кунларимизга муносиб ҳисса қўшган нуронийларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
– Салкам йигирма йилдан буён “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимида фаолият кўрсатаётган бўлсам, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг сафи йил сайин камайиб, улуғ дийдорлари ғаниматлиги мени ҳушёр торттиради ва уларни бир кун ҳам ёддан чиқармасликка ундаб келади, – дейди Фарғона вилояти маҳаллани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Топиболди Холдоров. – Фарғонага урушдан жами 55 минг 800 нафар собиқ жангчилар қайтган. Лекин умр бевафо, қанчалари дорилфанодан дорилбақога йўл олдилар. Биргина мисол, ўтган йили вилоятимизда улар 105 нафар эди, бу йил 60 нафар қолди. Давлатимиз раҳбариининг фармони асосида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 миллион сўмдан пул мукофоти берилади. Шу кунларда вилоятнинг шаҳар-туманларида уруш қатнашчиларига 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилмоқда, ҳомийлар томонидан ёрдамлар кўрсатилаётир. Ҳар йили қишки ва ёзги кийим-кечаклар уларга элтиб берилади. Патронаж шифокор ва ҳамширалар уларнинг саломатликларини мунтазам назорат қилиб боришади.
Хотира ва қадрлаш куни арафасида фронт орти фахрийларининг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш режалаштирилган.
Учкўприк тумани “Полохон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Деҳқонбой ота Қурбонов билан барча фахрланади. 96 ёшли бобо “Шукроналикда ҳикмат кўп”, деб бот-бот таъкидлайди. Ўзи ҳам шунга амал қилиб яшайди. Унинг хулосасига кўра, узоқ умр кўришнинг асл синоати ҳам шунда. Негаки, ўзи айни йигитлик остонасида, 18 ёшида Иккинчи жаҳон урушига отланган. Польша, Чехославакияда жангга кириб, душман билан мардонавор курашган. Урушдан қайтганидан сўнг қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳалол меҳнат қилди, юрт хизматидан ҳеч қачон қайтмади.
Пиру бадавлат отахон 6 нафар фарзандни камолга етказган. Бугун набираю чеваралари атрофида парвона. Муҳими, Деҳқонбой ота ўтаётган ҳаётидан рози. Умрининг давомчилари келажагидан кўнгли тўқ. У буни чинакам бахтиёрлик сурури, деб билади.
Учкўприк тумани ҳокимлиги, ёшлар мазкур хонадонда бўлиб бобони байрам билан қутлашди. Йўқловдан хурсанд бўлган отахон юртимизга тинчлик-омонлик тилаб, дуо қилди.
– Бизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан ниҳоятда мамнунмиз, – дейди Деҳқонбой ота. – Президентимизга минг раҳмат. Инсон қадри улуғланган мана шундай юртда яшаётганимиздан бахтиёрмиз. Юртимиз доимо тинч бўлсин.