“Сиз таржимонмисиз?” китоби тақдим этилди
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Олтин қалам” мукофотининг илк совриндорларидан бири, доктор Аҳмад Жосим Аз-Зубайдийнинг “Сиз таржимонмисиз?” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Россиянинг ИТАР-ТАСС агентлиги Марказий Осиё бўйича вакили Валерий Бирюков, дипломат Бахтиёр Ирисов, покистонлик ёзувчи ва таржимон, доктор Аббосхон, ЎзДЖТУ раҳбарияти, Араб тилидан таржима назарияси ва амалиёти кафедраси мутахассислари, устоз ва талабалар иштирок этди.
Тадбир аввалида кафедра мудири Камола Қодирова ҳамда филология фанлари номзоди, доцент Муҳаммад Абдуллаев таржима миллатлараро мулоқот учун энг муҳим восита эканини таъкидлади. Аслият ва қайта тикланган матн хусусиятига кўра, ушбу соҳа бадиий, илмий каби бир неча турга бўлиниши, асл нусхани акс эттириш тарзига кўра тафсир, табдил, шарҳ кўринишларга эгалиги қайд этилди.
– Кўлами ва тараққиёти муайян халқнинг маърифий даражасига боғлиқ бўлган таржима, ўз навбатида, шу миллат ижтимоий тафаккурига ҳам сезиларли таъсир кўрсатади, – деди М.Абдуллаев. – “Таржима” атамаси бир тилдан иккинчисига ўгириш жараёни, шунингдек тайёр таржимага нисбатан ҳам қўлланади.
Мутахассилар йиғилганларга таржимачиликнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот бераркан, она тилимизнинг айни пайтдаги ривожланиш даражасига алоҳида тўхталдилар. Хусусан, иш жараёнида мутаржим мудом она тилида фикрлаши, таржимачилик анъанаси, тажрибасига суяниши, тиллар орасида турли тафовутлар мавжудлигини ҳисобга олиши даркорлиги, ўз тили унга устувор таҳлил қуроли, асосий мезон бўлиб хизмат қилиши, қобилият ва билим ижодкорнинг имкониятини кенгайтириши таъкидланди.
– 40 йилдан буён шу соҳада фаолият юритаман, – дейди доктор Аҳмад Аз-Зубайдий. – Таржимонлик касбини ўрганмоқчи бўлганларни рағбатлантириш, бу йўлда учрайдиган қийинчиликларни имкон қадар енгиллатиш мақсад қилинган китобда соҳанинг тарихи, турлари, кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар ҳам йўл қўйиши мумкин бўлган айрим хато ва камчиликларни четлаб ўтиш йўллари баён қилинган. Ўзбек, рус ва инглиз тилларидан араб тилига ўгирилган ёки аксинча йўналишдаги материалллар келтирилган. Шунингдек, муайян ҳужжатлар таржимасида асқотадиган луғат учун алоҳида бўлим ажратилган.
Тадбирда сўзга чиққанлар эътиборли бўлиш мутаржимликда энг муҳим хислат эканини эътироф этишди.
– Ушбу асарда синхрон таржимага кенг ўрин ажратилган, – деди устоз таржимон Абдулҳодий Юсуф. – Маълумки, оғзаки услубнинг қийин ва муҳим мазкур турида мутахассис кетма-кет услубдан фарқли ўлароқ, нутқни йўл-йўлакай, узлуксиз ўгириб бориши талаб қилинади.
ТАСС вакили В.Бирюков Аз-Зубайдийнинг гоҳ араб, гоҳ рус, гоҳ инглиз тиллари ўртасида уйғунлашадиган матнлар устида моҳирлик билан ишлашини эътироф этди:
[gallery-20639]
– Ёзувчи ҳаётдан олган мушоҳадасини тилда бадиий ифодаласа, таржимон асл матнни янги тил воситасида қайта гавдалантиради. Бунинг учун у воқеликни муаллиф даражасида англаши керак. Ҳар қандай халқ адабиёти ривожида таржимачиликнинг таъсири беқиёс. Зеро, таржима тарихи адабиёт тарихи билан тенгдош.
Йиғилганлар таржима амалиёти, соҳанинг тамойили ва қоидалари ҳақида ҳам фикр алмашди. Айниқса махсус фан, илмий йўналиш сифатида ўтган аср иккинчи ярмидан шакллана бошлаган ўзбек таржимашунослиги тараққиёти ва истиқболи масалалари муҳокамаси жуда қизғин кечди.
Муҳаррама Пирматова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА