Сиёсий жараёнда фаоллик зарур
27 октябрь куни ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик қизғин паллага кирмоқда. 26 июлдан бошланган сайлов кампанияси тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган календар режа асосида олиб борилмоқда.
Сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгаришларга кўра, эндиликда сайлов комиссиялари тизими Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссияларидан иборатдир.
Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 29 май куни қабул қилинган қарорига мувофиқ, мамлакатимиз тарихида биринчи марта вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари тузилди.

Жумладан, Самарқанд вилояти чегараси доирасида 21 кишидан иборат вилоят ҳудудий сайлов комиссияси тузилди. Комиссия раиси ўринбосари ва котиби доимий асосда фаолият олиб бормоқда.
– Комиссия таркибида аввалги сайловларда ишлаган, бу борада тажрибага эга аъзолар кўпчиликни ташкил этади, – дейди Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Хўжақул Муҳаммадиев. – Улар бу йилги сайлов жараёнлари, қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар моҳияти билан таништирилган, зарур билим ва кўникмага эга. Албатта, бу йилги сайловда комиссиялари тизими бироз ўзгарган. Яъни эндиликда Президент сайлови, референдум, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун округ сайлов комиссиялари тузилмайди. Бу вазифани ҳудудий сайлов комиссиялари бажаради. Туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун ҳам округ сайлов комиссияси бўлмайди ва бу вазифа туман, шаҳар сайлов комиссиялари зиммасига юклатилади. Биз шу пайтгача ўз ваколатимиз доирасида туман ва шаҳар сайлов комиссияларини тузиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та сайлов округи тузиб, округ сайлов комиссиялари таркибини тасдиқладик. Илгари халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари учун депутатлик ўринлари бир хил, яъни вилоятда 60 та, туман ва шаҳарларда эса 30 та этиб белгиланганди. Энди эса депутатлик ўринлари ҳудудда яшовчи аҳоли сонидан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлар қарори билан белгиланмоқда. Яъни Самарқанд вилоятида аҳоли сони 3 миллиондан ортиқлиги учун халқ депутатлари вилоят Кенгашига 60 та депутатлик ўрни белгиланган. Туман ва шаҳарларда эса 20 тадан 30 тагача депутатлик ўринлари тасдиқланди.
Ҳудудий сайлов комиссияга киритилган тақдимнома асосида вилоятда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказувчи 1130 та сайлов участкаси тузилди. Сайлов участкаларининг 878 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 67 таси коллеж, лицей ва техникумларда, 59 таси тиббиёт муассасалари, санатория ва дам олиш масканларида, 14 таси ҳарбий қисм, озодликдан маҳрум этиш муассасаларида жойлашган. Сайловчилар сонидан келиб чиқиб энг кўп сайлов участкалари Самарқанд шаҳри (180), Ургут (127) ва Пастдарғом (92) туманларига, энг ками Каттақўрғон шаҳри (33), Қўшработ (45) ва Оқдарё (46) туманларига тўғри келмоқда.

Ўтган ҳафта участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди. Участка сайлов комиссияларига 12 минг 144 киши жалб этилмоқда. Уларнинг 5598 нафари, яъни 46 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. 289 та участка сайлов комиссиясига хотин-қизлар раҳбарлик қилади. Комиссия аъзоларининг 52 фоизи халқ таълими тизими ходимлари, 17 фоизи давлат идоралари ва муассасалари ходимлари, 10 фоизи жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат.
Бу йил илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов аралаш, яъни мажоритар ва пропорционал тизим асосида ўтказилади. Яъни парламентимиз қуйи палатаси 150 депутатининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича сайловчиларнинг бевосита номзодларга берган овозларига мувофиқ, яна етмиш беш нафари эса ягона сайлов округи бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида сайланади. Энди сайловчи Қонунчилик палатаси депутатлигига сайловда иккита бюллетен орқали – биринчисида аниқ бир номзодга, иккинчисида сиёсий партияга овоз беради. Марказий сайлов комиссияси томонидан вилоятимизда Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 8 та сайлов округи тузилган.
Вилоятда сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш ишлари ҳам бир неча босқичда олиб борилди. Дастлаб комиссия раиси ва ўринбосарлари, котиблар ўқитилган бўлса, кейинги жараёнларда комиссия аъзоларига бу йилги сайловнинг ўзига хос хусусиятлари тушунтирилди. Назарий ва амалий ўқув машғулотлари ўтказилди.

Ўқув-семинарларда Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари томонидан сайлов қонунчилигидаги ўзгариш ва қўшимчалар, халқаро тажриба ва миллий амалиёт, аввалги сайловларда йўл қўйилган камчиликлар ва уларнинг олдини олиш масалалари ҳақида тушунча берилди.
– Айни пайтда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш бўйича иш олиб бормоқда, – дейди Х.Муҳаммадиев. – Бу жараён сайловга ўттиз беш кун қолганида, яъни 21 сентябрда якунланади ва биз бу ҳақдаги қарорни эълон қиламиз. Шунингдек, Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиб, уларга тегишли гувоҳномаларни берамиз. Номзодлар рўйхатга олинганидан сўнг улар сайловолди ташвиқотига киришадилар. Бу жараённи ҳам Сайлов кодекси талаблари ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган низом ва тегишли қарор асосида олиб бориш юзасидан комиссия қарори қабул қилинади.
Айтиш мумкинки, сайлов кампанияси тадбирларида ҳал қилувчи жараёнлар бошланмоқда. Бундай пайтда нафақат сиёсий партиялар ва номзодлар, балки ҳар бир сайловчи аввало ўз тақдирига, юртимиз тараққиёти, эртанги кунига бефарқ бўлмаган ҳолда фаол бўлиши муҳим ҳисобланади. “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида ўтказилаётган бу йилги сайловдаги танловимиз юртимизнинг янада равнақ топиши, турмушимизнинг фаровонлигига хизмат қилишини унутмайлик.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири