“Сирдарёсувтаъминоти”га пресс-тур
Сирдарё вилояти Мирзабод туманидаги Балиқчи ва Оқолтин туманидаги Шодлик маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида ичимлик суви иншоотлари ва ичимлик суви тармоқлари қурилиши, реконструкцияси лойиҳасида амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари билан яқиндан таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Вилоятда аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қўшни ҳудудлардагига нисбатан анча юқори. Бундан ташқари, ўтган йилги “Сардоба” сув омбори тошқини натижасида бир нечта ичимлик суви билан таъминловчи иншоотларга жиддий зарар етган эди.
Хўш, аҳолини ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш мақсадида тизимда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Сув тошқини натижасида зарар кўрган сув билан таъминловчи объектлардаги талофат бартараф этилдими?

“Сирдарёсувтаъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган пресс-тур давомида мазкур саволларга жавоб олинди.
– “Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш” давлат унинар корхонаси томонидан ушбу иншоотда қурилиш-монтаж ишлари лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, 9 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган эди, – дейди “Сирдарёсувтаъминоти” МЧЖ раисининг ўринбосари Ш.Акрамов. – Лойиҳа доирасида бош пудратчи “Шоҳрух-Демирбек” МЧЖ томонидан 4,9 километр ичимлик суви тармоқлари тортилди, 3 дона тик қудуқ ковланиб ишга туширилди. Бир дона ичимлик суви иншооти реконструкция қилиниб, 2 дона тик қудуқ кайта таъмирланди ва 4 дона марказий насос ускунаси, 3 дона ТП ўрнатилди. Молиялаштирилган 9 миллиард сўм амалда юз фоизга бажарилди.
Навбатдаги манзилда Оқолтин туманидаги "Шодлик" МФЙда қурилаётган кўп квартирали уйлар учун оқова сув иншооти қуриш лойиҳаси билан танишилди. Қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш лойиҳа қиймати 11 миллиард 700 миллион сўмни ташкил этиб, “Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш” ДУК томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган эди.
Лойиҳа доирасида бош пудратчи “Шоҳрух-Демирбек” МЧЖ томонидан оқова сув иншооти ва оқова сув тармоғини қуриш ишлари лойиҳа сметалари бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Объектда 1,5 километр оқова сув, 3,3 километр ичимлик суви тармоғи тортилиб, 1 дона оқова сув ҳайдаш иншооти қурилди. Объектда иш тўлиқ бажарилди.
Соҳага олиб кирилаётган янги технологиялар, уларнинг афзалликлари, қулайликлари ахолининг турмуш шароити ва ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини яхшилаш мақсадида “Сирдарёсувтаъминоти” МЧЖ жамоаси томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўтган йилги техноген ҳолатда аҳолини ичимлик суви билан таъминловчи объектларда кўрилган талофат жиддий эди. Вилоятда аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи ҳамон долзарблигича қолмоқда. Аммо масъул ташкилотлар томонидан кўп қаватли уйларнинг тоза ичилик суви таъминотини яхшилаш учун амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар қисқа вақтда ўз самарасини беради.
Тадбир сўнггида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА