Сирдарёлик атлет Финляндияда бронза медалини қўлга киритди
Финляндиянинг Лахти шаҳрида 2026 йил 10 июнь куни енгил атлетика бўйича нуфузли халқаро турнирлардан бири саналган Motonet GP Lahti мусобақаси бўлиб ўтди. Унда дунёнинг бир қатор мамлакатларидан келган кучли спортчилар қаторида Ўзбекистон вакили, сирдарёлик атлет Иброҳим Маҳкамов ҳам иштирок этди.
Уч ҳатлаб сакраш баҳсларида юқори маҳорат намойиш этган ҳамюртимиз ўзининг энг яхши уринишида 15 метр 98 сантиметр натижа қайд этиб, мусобақанинг бронза медалига сазовор бўлди. Бу натижа унга кучли рақобат кечган беллашувларда шоҳсупадан ўрин эгаллаш имконини берди. Мусобақада АҚШ спортчиси Салиф Мане 16 метр 52 сантиметр натижа билан ғолибликни қўлга киритган бўлса, Италия вакили Федерико Лоренсо Бруно 16 метр 51 сантиметр кўрсаткич билан иккинчи ўринни эгаллади.
Халқаро майдонда қўлга киритилган мазкур ютуқ Иброҳим Маҳкамовнинг спортдаги ўсиш суръати ва салоҳиятини яна бир бор намоён этди. Ушбу натижа мамлакатимизда енгил атлетикани ривожлантириш, иқтидорли ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самараси сифатида ҳам эътироф этилмоқда.
— Ушбу натижа нафақат мамлакатимизда, балки Сирдарё вилоятида ҳам енгил атлетикани ривожлантириш, иқтидорли ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг амалий самараси бўлди. Асосийси, Иброҳим Маҳкамовнинг Финляндияда қўлга киритган муваффақияти замирида юртимизда спортга қаратилаётган юксак эътибор, шунингдек, унинг яқинлари ва устоз-мураббийларининг беғараз меҳнати ва бевосита ҳиссаси мужассам. Ўйлайманки, мазкур натижа нафақат Иброҳимнинг ўзига, балки у сингари ёш спортчиларимизга ҳам келгусида қитъа ва жаҳон чемпионатларида янада катта ютуқларга эришишда кучли руҳий туртки бўлиб хизмат қилади, — дейди Сирдарё вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов.
Ғулом Примов, ЎзА