
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида бўлган, маънан эскирган тез тиббий ёрдам машиналари замонавий, энг сўнги тиббий ёрдам жиҳозлари билан жиҳозланган автомобилларга алмаштирилмоқда.
Шу мақсадда, Республика тез тиббий ёрдам маркази Сирдарё филиалига Жиззах вилоятида ишлаб чиқарилган замонавий “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашиналаридан 8 таси келтирилди.

– Бундан бир йил муқаддам, ушбу турдаги автомобиллардан 5 таси Сирдарёга келтирилган эди, – дейди Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли махсус автобаза директори вазифасини бажарувчи Абдурашид Эшонқулов. – Бу эса тез тиббий ёрдам тизимига бўлган чақириқларни белгиланган вақтда амалга ошириш имконини берган бўлса, бугун келтирилган “Volkswagen Caddy” русумдаги тез тиббий ёрдам машиналари ушбу тизимда ишлаётган тез тиббий ёрдам ходимлари ишини янада осонлаштиради.
Энг муҳими, тез тиббий ёрдам машиналари юқори техник кўрсаткичга эга, ҳаракатланиш тезлиги юқори ва ихчам.
Ш. Суяров, ЎзА