Сирдарёда пилла топшириш бошланди
Мирзаобод тумани “кумуш” тола ижодкорлари Сирдарё вилоятида биринчи бўлиб, йилнинг биринчи маҳсулоти – пилла хомашёсини топширишга киришди.
Жорий қишлоқ хўжалиги мавсумида туманда тарқатилган 1 минг 107 қути ипак қуртидан мирзаободликлар давлатга 62 тонна қимматбаҳо хомашё етказиб беришни режалаштирган.

Тумандаги Турғун Аҳмедов номли сув истеъмолчилари уюшмасининг илғор пиллакорлари ипак қуртини парвариш қилишдаги барча зарур агротехник тадбирларига амал қилиб, нафақат туманда, балки вилоятда ҳам биринчи бўлиб, ўз пешона терлари эвазига етиштирган “кумуш” толани қабул пунктларига топширишни бошлаб юборди.

Жумладан, ушбу СИУ ҳудудидаги илғор пиллакорлардан Г.Хушиева 1 қути ипак қуртидан 80 килограмм, М.Тошбоева эса 1 қутидан 78 килограмм қимматбаҳо хомашё топшириб, ўз зиммаларига олган мажбуриятларини ортиғи билан уддалади.

Туман ҳокими Ж.Яриев секторлар ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда пилла қабул пунктига келиб, илғор пиллакорлар меҳнатини юқори баҳолади ва уларга самимий миннатдорчилик билдирди. Ҳар иккала, энг илғор “кумуш” тола ижодкорларига туман ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов, ЎзА