Сирдарёда педагоглар учун муҳим синов бошланди
Сирдарё вилоятида мактабгача ва мактаб таълими тизимида фаолият юритаётган педагогларнинг касбий билими ва маҳоратини баҳолашга қаратилган малака тест синовлари бошланди. 28 октябрдан 28 ноябрга қадар давом этадиган аттестацияда вилоятдан 7 минг нафардан ортиқ педагог иштирок этиши кутилмоқда.
Гулистон шаҳридаги вилоят Педагогик маҳорат марказида ташкил этилган синовлар педагогларнинг касбий салоҳиятини баҳолаш, уларни ўз устида ишлашга рағбатлантириш ҳамда таълим сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, аттестация икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда педагогларнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси, иккинчи босқичда эса педагогик маҳорати баҳоланади. Дастлабки синовларда она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари иштирок этиб, ўз билимларини синовдан ўтказдилар.
[gallery-32242]
— Аттестация жараёнида шаффофлик ва холисликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тест синовларининг компьютер орқали реал вақт режимида ўтказилиши ташқи аралашувларнинг олдини олиш, инсон омилини камайтириш ва натижаларнинг холислигини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, синовларни интернет орқали кузатиш имконияти ҳам яратилган, — дейди Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бош методисти Музаффар Муродқулов.
Бугунги кунда Сирдарё вилоятидаги умумтаълим мактабларида жами 14 015 нафар педагог фаолият юритмоқда. Уларнинг 2 216 нафари олий, 3 002 нафари биринчи, 3 192 нафари иккинчи малака тоифасига эга. Шунингдек, 4 613 нафар педагог мутахассис лавозимида фаолият кўрсатса, 992 нафари тоифасиз, яъни ўрта махсус маълумотли кадрлар ҳисобланади.
— Сўнгги беш йилда малака тоифалари динамикасида ижобий ўзгариш кузатилмоқда: юқори малака тоифасига эга ўқитувчилар сони ортиб, қуйи тоифали педагоглар сони камайиб бормоқда. Бу эса ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини оширишга интилиши ва малакаси устида мунтазам ишлаётганидан далолат беради, — дейди Музаффар Муродқулов.
Вилоят бўйича аттестацияда иштирок этиш учун 7 минг нафардан ортиқ педагог электрон шаклда ариза топширган. Уларнинг 450 нафари мажбурий, қолганлари эса ихтиёрий тартибда синовларда қатнашади.
Баҳолаш натижалари QR-код билан тасдиқланган электрон шаклда педагогларнинг шахсий кабинетига юборилади. Малака тоифасига мувофиқ иш ҳақига киритиладиган ўзгаришларни ҳисоблаш учун зарур маълумотлар UzASBO ёки бошқа молиявий ҳисоб-китоб дастурларига электрон тарзда узатилади.
Педагогларни аттестацияга тайёрлаш ва малака тоифасини бериш жараёнларини рақамлаштириш мақсадида pedkadr.uzedu.uz электрон платформаси ҳам ишлаб чиқилган.
Аттестация педагогларнинг касбий билим ва маҳоратини баҳолаш билан бирга, уларни доимий изланишга, замонавий таълим талабларига мослашишга ва малакасини оширишга ундайди.
Зеро, таълим сифати, аввало, ўқитувчининг билими, маҳорати ва касбига масъулият билан ёндашувига боғлиқ. Малакали ва ташаббускор педагоглар сафини кенгайтириш ёш авлодга сифатли таълим бериш ҳамда соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга замин яратади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА