Сирдарёда Наврўзи олам нафаси кезмоқда
Наврўзи олам миллатимиз қадриятларини ўзида мужассам этганлиги боис ҳар бир оила, ҳар бир маҳаллага шоду хуррамлик олиб кирадиган миллий байрам ҳисобланади. Бу кунларда халқимиз томонидан юртимизнинг ҳар бир гўшасида баҳорий таомлару, турли миллий ўйинларга алоҳида эътибор қаратилади.
Айни кунларда Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги “Нурли йўл”, Мирзаобод туманидаги “Нурафшон, Ховос туманидаги “Шарқобод” ҳамда Боёвут туманидаги “Соҳил" ва "Учтургон”, Гулистон туманидаги Фурқат, Сардоба туманидаги “Қўйитош", “Наврўз”, “Бўстон”, Оқолтин туманидаги “Кўркам диёр” маҳаллаларида байрам сайллари, миллий ўйинлар ва спорт мусобақалари ўтказилди.
[gallery-11036]
Дошқозонларда минг дардга даво миллий таомларимиздан бўлмиш сумалак, ҳалим, кўк сомса ва бир қанча баҳорий таомлар тайёрланиб байрам дастурхонининг кўркига айланди. Бир томонда миллий ўйинлар дорбоз, белбоғли кураш ва полвонлар чиқишлари бўлса, бир томонда халқ қўшиқлари асосида лапару-ўланлар янгради. Авлод-аждодларимиздан халқимизга мерос қолган удум ва анъаналар, қадриятларимиз бугун мамлакатимизнинг барча маҳаллаларида давом этаётганлиги тинчлигимиз, мустақиллигимиз неъматидир. Зеро, тинч юртга мана шундай байрамлар, тўйлар ярашади.
Ш. Суяров,
Ш. Ортиқбоев, (сурат), ЎзА