Азалдан кўчат эккан, боғ яратган инсонлар қадрланган.
Гулистон туманининг "Сойибобод" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилган амалий семинарда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги мавсумда экилиши кузда тутилган 628 минг туп манзарали ва мевали кўчатларни экиш ва парваришлаш тўғрисида сўз юритилди.
Тажрибали агроном, меҳнат фахрийси Ҳакимжон ота Исмоилов ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб, кузги кўчат экиш ва уларни парваришлаш бўйича, тикувчилик ва гулчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Жамила Анорқулова эса манзарали гулларни экиш ва уларни парваришлаш бўйича иштирокчиларига ўз маслаҳат, тавсияларини берди.
– "Сойибобод"да ўтказилган амалий семинар туман фаоллари, аҳоли вакиллари учун тажриба мактабини ўтади,– дейди Гулистон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Олимжон Жўраев.–Бунда эътибор туманимизнинг иқлим шароити, тупроқнинг шўрланишига чидамли манзарали ва мевали кўчат навларини экиш, парваришлаш масалаларига қаратилиб, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири